Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Мен Сиздан даво топдим…

Шифокорлар куни олдидан

Мен Сиздан даво топдим…

ШАРАФЛИ КАСБ ЭГАСИ

Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонасининг режали жарроҳлик бўлими… Бўлим бош шифокори Эргашвой Қодиров ҳар кунгидек ишга вақтлироқ келиб, беморларнинг “Касаллик варақаси”ни яна бир бор кўздан кечира бошлади. Шу вақт хона эшиги таққилади. Киришга рухсатни олган ҳушрўйгина йигит кириб, шифокор билан хушмуомалик билан саломлашди. Онаси у бошлиқ бўлимда даволаниб, оила бағрига қайтгани учун миннатдорчилик билдирди ва яна бир бор тиббий назорат учун олиб келганлигини айтди.

-Духтир қўлларингиз дард кўрмасин, -онахоннинг қувонч тўла илк сўзлари Эргашбойни тўлқинлантириб юборди. — Сиз ўтказган операция туфайли тузалиб кетдим. Бунинг учун сизга жуда катта раҳмат–дея қалб сўзларин давом эттирди у. Онахоннинг бу сўзлари шифокор қалбига қанчалик қувонч, ифтихор олиб кирганлигини тил билан ифодалашга сўз ожиз. Эргашбойга ўтган қирқ йилдан зиёд вақтда неча минглаб беморлар даво топганларидан сўнг ана шундай миннатдорчиликларини баён қилган бўлишларига қарамай, ҳар сафар бирор беморнинг қалб туйғуларини тинглаганда барибир ҳаяжон босади. Инсонларга олам-олам қувонч улашаётганидан, шифокорлик касбини танлаб ҳато қилмаганидан ўзини баҳтиёр сезади. Дилда орзу, қалбда истак бўлса, танлаган касбига етишишга қатъий қарор қилса албатта инсон бунга эришади. Лўғумбек қишлоғида туғилиб, 19-,20-ўрта мактабларининг аълочи ўқувчиси бўлган, ёшлигидан шифокор бўлишни мақсад қилган Эргашбой 1980 йили Тошкент давлат институтига ҳужжатларни топширди. Аммо дастлабки йили омади чопмадими, имтихонлардан ўта олмади. Кейин ҳарбий хизмат. Йигитлик бурчини ўтар экан билимини оширишни канда қилмади. Хизматдан қайтгач иккиланмай ҳужжатларини Андижон давлат тиббиёт институтига топширгач, имтихонларга қизғин тайёргарлик кўрди. Ҳаракатлари ўз самарасини бериб, тиббиёт институтининг даволаш факултетининг талабасига айланди. Олийгоҳни битирган ёш шифокор вилоят марказий шифохонасида амалиёт бўйича интернатура ўтади. 1991 йилдан туман тиббиёт бирлашмасида жарроҳлик бўлимида жарроҳ, 2004 йилдан режали жарроҳлик бўлими мудири, 2008-2013 йилларда туман шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими мудири, 2013-2018 йилларда туман тиббиёт бирлашмаси даволаш ишлари бўйича бош шифокор ўринбосари бўлиб фаолият олиб борди. 2018 йилдан буён эса яна режали жарроҳлик бўлими мудири бўлиб меҳнат қилиб келмоқда. Шарафли касб эгаси бўлиб, эл корига яраб, эл саломатлигини сақлашга муносиб ҳиссасини қўшиб бораётганида албатта ота-онаси Усмонжон ака ҳамда Ҳалимахон аяларнинг дуоларининг ижобат бўлганлигидир. Турмуш ўртоғи Арофатхон 19-умумтаълим мактабида ўқувчиларга немис тилидан таълим бериб келди. Ҳозирда нафақада, набиралари даврасида кексалик гаштини сурмоқда. Эргашвой ака турмуш ўртоғи билан уч қиз бир ўғилни тарбиялаб вояга етказдилар. Қизлари уйли, жойли бўлиб фарзандларини тарбия қилиш билан бирга ўқитувчи, шифокор бўлиб меҳнат қилиб келишмоқда. Ўғли Хушнудбек отаси касбини эгаллаб, жарроҳлик бўлимида ишлаш билан бирга магистуратурани тамомлаш арафасида. Тажрибали шифокор Эргашвой Қодиров фаолияти давомида кўплаб шогирдлар устози саналади. Айни дамда Садриддин Қаҳҳоров, Эргашвой Эргашев, жарроҳ Алишер Мадраҳимовларга ўз тажрибаларини ўргатмоқда. Тажрибали шифокор Очилбек Жўраев, Нурилло Ганиев ва ўзининг хушмуомалалиги билан беморлар ва тиббиёт ҳамширалар қалбига йўл топиб келаётган бош ҳамшира Сапурахон Ҳожиматовалар унга қўшқанотлар. Жорий 2022 йил-Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили бошидан буён шу кунгача тумандаги “Темир дафтар”, Аёллар дафтари”. ”Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган кам таъминланган оилалар аъзоларининг 33 нафарига бепул тиббий ёрдам кўрсатилиб, ташҳислардан сўнг жарроҳлик муолажалари ўтказилди. Шу билан бирга беморларга соғлигини тиклаб олиш учун бепул равишда санаторияларга йўлланмалар берилди. Инсон ҳаётда ўз касби, ҳалол меҳнати, жамоадошларига ҳурмати, ғамхўрлиги билан обрў–эътибор топади. Шундан бўлса керак тажрибали шифокор Эргашвой Қодировни халқ орасида “Қўли енгил шифокор”дея алқайдилар. Эргашбой эса туманимиз аҳлининг саломатлиги йўлида меҳнатт қилаётганидан, беморлар дардига даво топиб, уларнинг оилаларига бағрига соғ ва саломат қайтараётганидан беҳад мамнун. Ана шундай шифокорларимиз, ўрта тиббиёт ходимлари, елкасига оқ ҳалат илган саломатлигимиз посбонлари бор бўлсин.              

    М.Рустамов,                

     М. Мирзаабдуллаев.

Улашинг: