Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Янги Меҳнат кодекси

Муносабат

Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 28 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга кириши қонунда белгиланган.

Демак, янги Меҳнат кодекси кучга киришига оз вақт қолди. Яъни, мазкур ҳужжат апрель ойида кучга киради.

Кучга кирадиган ҳуқуқий меъёрларни эса барча билиши зарур. Чунки айнан мазкур кодекс нормалари деярли барчага бирдек тааллуқли. Зеро, вояга етган ҳар бир шахс меҳнат бозорида иштирок этади.

Айтиб ўтиш керакки, мамлакатимиз тарихида учинчи марта тизимлаштирилган қонун – янги Меҳнат кодекси қабул қилинди.

Кейинги беш-олти йилда амалдаги Меҳнат кодексининг эскиргани ҳақида мутахассислар ўз мулоҳазаларини тез-тез билдириб келаётган эди. Жамоатчилик фикри инобатга олиниб, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Шундан келиб чиқиб “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Янги Меҳнат кодекси таркибий жиҳатдан икки – умумий ва махсус қисмдан иборат.

Умумий қисм меҳнат ҳуқуқининг барча институтлари учун асосий аҳамиятга эга бўлган фундаментал масалаларга бағишланган ва иккита бўлимни ўз ичига олади: меҳнат қонунчилигининг асосий негизлари ва Меҳнат соҳасидаги ижтимоий ҳамкорлик.

Махсус қисм бешта бўлимдан иборат: ишга жойлаштириш, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солишнинг хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Меҳнат низоларини кўриб чиқиш.

Таъкидлаш лозимки, таркибий ўзгаришлар туфайли бир қатор бўлимлар ва боблар янги Меҳнат кодексига киритилган. Моддалар сони эса икки бараварга ошиб, 581 тани ташкил қилган.

Янги Меҳнат кодекси “индивидуал меҳнат муносабатлари – жамоага доир меҳнат муносабатлари – процессуал муносабатлар” шаклидаги меҳнат ҳуқуқининг ўрганиш предметига анча яқин тузилган. Илгари ушбу муносабатлар бир-биридан яхши ажратилмаган эди.

Амалдаги Меҳнат кодексининг  1-моддаси учинчи қисми мазмунидан кодекс билан фақат индивидуал меҳнат муносабатлари тартибга солинади, деган янглиш хулосага келиш мумкин эди.

Аслида меҳнат қонунчилиги тартибга соладиган соҳага нафақат меҳнат муносабатлари, балки улар билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа муносабатлар (ишга жойлашиш, ижтимоий шериклик, касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини назорат қилиш, якка тартибдаги ва жамоавий меҳнат низоларини кўриб чиқиш бўйича муносабатлар) ҳам киради.

Янги Меҳнат кодексида шу каби меҳнат билан боғлиқ барча муносабатлар тўлиқ қамраб олинган.

Ўзбекистон Республикасининг бир қатор кодексларида уларнинг принциплари мустаҳкамланган моддалар бор. Аммо, амалдаги Меҳнат кодексида меҳнат муносабатлари ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принципларини санаб ўтадиган модда йўқ эди.

Янги Меҳнат кодексига меҳнат муносабатлари ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари  санаб ўтилган модда киритилган ҳамда ҳар бир принципнинг мазмун-моҳияти алоҳида моддаларда  очиб берилган.

Янги кодексда асосий принципларга қуйидагилар киритилган: ходимлар ҳуқуқларининг тенглиги ҳамда меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситилишларнинг тақиқланиши; меҳнат қилиш эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш; меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик; меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши ва меҳнат вазифалари ижро этилишининг кафолатланганлиги; ходимнинг ҳуқуқий аҳволи ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги.

Кодексга меҳнат қонунчилиги ва меҳнат тўғрисидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга бағишланган боб ҳам киритилган.

Янги Меҳнат кодексининг учинчи бобида якка тартибдаги меҳнат муносабатлари тушунчаси очиб берилган. Уларнинг субъектлари белгиланган, ходимлар ва иш берувчиларнинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилган. Якка тартибдаги меҳнат, муносабатлари юзага келиши асосларига алоҳида аҳамият берилган.

Ўйлаймизки, янги Меҳнат кодекси ходим, иш берувчи ва давлат манфаатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаб, инсон фаровонлиги ва  жамият тараққиётига муносиб хизмат қилади.

 

Шуҳрат ИСМОИЛОВ,  

ТДЮУ меҳнат ҳуқуқи кафедраси мудири, ю.ф.д.  

ЎзА

Улашинг: