Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари нафақат жиноятчиликка қарши курашиш, балки инсон қадрини улуғлаш, айниқса, ёш авлод манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилгани билан эътиборга молик. Президентимиз ташаббуси билан бошланган “Инсон қадри учун” тамойили бугун барча соҳаларда амалий самара бермоқда.
Шу муносабат билан 2025 йил 23 октябрда қабул қилинган “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун ушбу йўналишдаги муҳим қадамлардан биридир. Мазкур ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 4 июлда қабул қилиниб, 2025 йил 1 августда Сенат томонидан маъқулланган.
Янги Қонун нимани назарда тутади?
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Энг асосий янгиликлар қуйидагилардан иборат:
- Вояга етмаганлар учун судланганликдан озод этишнинг алоҳида тартиби жорий этилди
77-моддага киритилган қўшимчага кўра, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони тўлиқ ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланади.
Бу норма қуйидаги ҳолатларда қўлланади:
- фақат ўта оғир бўлмаган жиноятлар бўлса;
- жазони ўтаб бўлгач, шахс яна бирор қасддан жиноят содир этмаган бўлса.
Ушбу тартибнинг жорий қилиниши вояга етмаганлар ҳаётидаги “судланганлик тамғаси”ни бартараф этишга хизмат қилади. Очиғи, айрим ёшлар эҳтиётсизлик, билимсизлик ёки атрофдагилар таъсирида қилган хатоси туфайли катта ҳаётда ўз ўрнини топишда қийинчиликка дуч келарди. Янги тартиб уларнинг жамиятга тўлақонли қайтишига кенг имконият яратади.
- Жазо муддатлари қисқартирилди
Қонунга мувофиқ:
- Озодликни чеклаш,
- Озодликдан маҳрум қилиш
каби жазоларнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилди.
Бу ўзгариш ҳам жиноятга аралашиб қолган ёшларни кескин жазолаш эмас, балки уларни тузатиш, жамиятга қайта мослаштириш мақсадини кўзлайди.
Қонуннинг ижтимоий аҳамияти
Бугунги тез ўзгараётган замонда ёшларнинг хатоликка йўл қўйиши мумкин. Бироқ уларнинг келажагини битта хато туфайли бутунлай йўқотиш мутлақо тўғри эмас. Суд амалиётида кўпинча вояга етмаганлар содир этган жиноятлар турмуш шароити, болалик омиллари ёки атрофдаги ёмон муҳит таъсирида юзага келаётганини кузатамиз. Қонун қабул қилиниши айнан шундай ёшлар тақдирига ижобий таъсир кўрсатади, уларнинг ҳаётда янгидан бошлаш имконияти яратилади, ишга жойлашиш, таълим олиш, жамоатчилик фаолиятига киришиш каби соҳаларда тўсиқлар камаяди, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида профилактик таъсир кучаяди.
Ўзбекистон ёшларга ишонади. Улар мамлакатимиз келажаги, ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучидир. Шунинг учун мазкур Қонуннинг қабул қилиниши нафақат ҳуқуқий, балки стратегик аҳамиятга эга.
Хулоса ўрнида, вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни либераллаштиришга қаратилган мазкур Қонун давлатимизнинг ёшларга бўлган юксак эътиборининг яна бир амалий тасдиғидир. У ёшларга янги имкониятлар эшигини очади, уларга тўғри йўлни танлаш ва жамиятга фойдали инсон бўлиб етишишлари учун кафолат яратади.
А. НАЗИРБЕКОВ,
Жиноят ишлари бўйича Избоскан тумани суди раиси
