ЭКОЛОГИК ҲУҚУҚИЙ ОНГИНИ ЮКСАЛТИРИШ – БАРҚАРОР “РИВОЖЛАНИШНИНГ АСОСИЙ ОМИЛИ”
ХХI асрда экологик хавфсизлик масаласи глобал даражада инсониятнинг энг долзарб муаммоларидан бирига айланди. Иқлим ўзгариши, ҳаво ва сув ифлосланиши, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, тупроқ деградацияси каби жараёнлар нафақат табиатни, балки жамиятнинг иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий ва маданий ҳаётига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Мазкур шароитда аҳолининг экологик-ҳуқуқий онгини ошириш давлат сиёсати ва жамият тараққиётининг ажралмас бўғинига айланди.
Экологик ҳуқуқий онг — фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини билиши, атроф-муҳитга муносабатда масъулиятли бўлиши, экологик қонунларга амал қилиш зарурати ва экологик қадриятларни онгли равишда қабул қилиши демакдир.
Экологик онг — инсоннинг табиатга, экологик қадриятларга бўлган муносабатини белгиловчи тафаккур шакли бўлиб, у уч асосий компонентдан иборат:
- экологик билимлар (назарий);
- экологик қадриятлар (руҳий–маънавий);
- экологик хулқ-атвор (амалий).
Экологик онгнинг юқори даражаси жамиятда барқарор ривожланиш, экологик масъулият ва экологик маданиятнинг юксалишига олиб келади.
Экологик-ҳуқуқий онг — бу экологик онгнинг ҳуқуқий шакли бўлиб:
- экологик қонунларни билиш,
- экологик ҳуқуқ ва мажбуриятларни англаш,
- экологик ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз бўлиш,
- экологик хавфсизликка дахлдорлик ҳиссини англаш демакдир.
Экологик-ҳуқуқий онгнинг мавжудлиги фуқароларнинг экологик бошқарувда фаол иштирок этишига олиб келади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда экологик онг бўйича муаммолар қуйидагича:
- Информацион бўшлиқ
Кўпчилик фуқаролар экологик қонунлар, экологик хавф ҳақида етарли билимга эга эмас.
- Амалий кўникмалар етишмаслиги
Чиқиндини саралаш, сувни тежаш, дарахт парвариши, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш маданияти паст даражада.
- Экологик бефарқлик синдроми
“Бу менинг ишим эмас” деган психологик ёндашув экологик зарарларни кўпайтиради.
- Таълим тизимидаги камчиликлар
Мактаб ва ОТМларда экологик ҳуқуқ алоҳида тизим сифатида етарлича ўқитилмайди.
- Ҳуқуқий онгнинг сустлиги
Экологик ҳуқуқбузарликларни кўпчилик жиноий ҳаракат сифатида қабул қилмайди.
Аҳолининг экологик-ҳуқуқий онгини оширишнинг асосий омиллари Экологик маданиятни шакллантириш, ер, сув ва ўрмон кодекслари мазмуни ҳақида аҳолига мунтазам маълумотлар беришни талаб қилади. Қолаверса, ҳар бир шахс табиатни қадрлаши, авлодлар олдидаги масъулиятни ҳис этиши, экологик барқарорлик ғоялари ила яшамоғи даркор.
Шунингдек, экологик назорат ва ислоҳотларда жамоатчилик иштироки, экологик волонтёрлик, маҳалла экологик назорати, рақамли ахборот платформалари, экологик мобил иловалар, иқлим мониторинг тизимлари ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Экологик барқарорликни ҳамиша сақлаб туришлик учун энг аввало аҳолининг экологик-ҳуқуқий онгини оширишнинг амалий йўналишларига катта эътибор қаратиш лозим. Бунда таълим тизимида экологик-ҳуқуқий таълимни кучайтириш, мактабларда “Екологик ҳуқуқ асослари” фанини жорий этиш, олий таълимда барча мутахассисликлар учун экологик модул киритиш, ўқитувчилар учун экологик-ҳуқуқий малака ошириш курсларини ташкил этиш даркор.
Барқарор ривожланиш назариясига кўра, таълим — экологик онгнинг асосий манбаи.
Таъкидлаш жоизки, оммавий ахборот воситалари ва интернетнинг экологик-маърифий таъсирини кучайтириш энг тез ва самарали усул эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу аснода экологик ахборотнинг очиқлиги, экологик мониторинг натижаларини оммага эълон қилиш, ҳавонинг ПМ2.5 кўрсаткичларини онлайн кўрсатиш, сув сифати бўйича жамоатчилик ахбороти платформаси яратиш, экологик мавзудаги телешоу, ҳужжатли филмлар, репортажлар, экологик тарғибот, журналлар очиш, экологик волонтёрлик ва жамоатчилик назоратини ривожлантириш, ёшлар учун экологик клублар, “Бир оила — бир дарахт” лойиҳасини ташкил этиш, жамоатчи экологик инспекторлар фаолиятини кенгайтириш, чиқиндилар маданиятини шакллантириш, чиқиндиларни саралаш бўйича мажбурий қоидалар жорий этиш, қайта ишлашни рағбатлантириш ва натижада экологик онгни ижтимоий одатга айлантириш мумкин бўлади.
Энг асосийси шуки, экологик-ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик руҳини шакллантириш, аҳолига жарима ва жавобгарлик ҳақида тушунтириш ишларини олиб боориш, экологик қоидабузарликларни мобил илова орқали хабар бериш имкониятини ташкил этиш, давлат органлари билан ҳамкорлик тизимини яратиш зарурудир.
Зеро, аҳолининг экологик-ҳуқуқий онгини ошириш — жонажон Ўзбекистонимизнинг экологик барқарор келажаги учун энг муҳим омиллардан биридир. Экологик онгни шакллантириш: таълим, ҳуқуқ, маданият, технология, жамоатчилик иштироки билан узвий боғлиқ бўлган комплекс тизимдир.
Экологик онгнинг юқори бўлиши эса экологик ҳуқуқбузарликларнинг камайиши, табиатга эҳтиёткорона муносабатта бўлиш, давлатнинг экологик сиёсати самарадорлиги, жамиятнинг барқарор ривожланиши учун зарур шартдир.
Шундай қилиб, аҳоли экологик-ҳуқуқий онгини ошириш — нафақат экологик вазифа, балки халқ саломатлиги, миллий хавфсизлик ва иқтисодий ривожланишнинг пойдеворидир.
Д. Солиев,
Жиноят ишлари бўйича
Андижон шаҳар суди судьяси
