Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Остона шаҳрига ташрифи доирасида ўтказилаётган минтақавий экологик саммит ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилиши Марказий Осиё учун муҳим сиёсий ва стратегик аҳамиятга эгадир.
Аввало таъкидлаб ўтиш муҳимки, Ўзбекистон ташаббуси асосида 2023 йил 19 декабрда БМТ томонидан қабул қилинган, яъни Марказий Осиё давлатлари экологик тахдидлар қаршисида умумий фаровонлик барқарор ривожланишини мустахкамлаш борасида Резолюцияси доирасида ушбу минтақавий экологик саммит ташкил этилмоқда.
Ушбу саммит доирасида 30 дан ортиқ давлатлар вакиллари, 20 дан ортиқ халқаро ташкилот вакиллари ҳамда бир қанда фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирок этиши ҳамда саммит 8 та йўналишни қабраб олиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Оролни қутқариш жамғармаси таъсисчиси давлатлари раҳбарлари Кенгаши ҳам ўтказилиши белгиланмоқда. Умумий мақсад барқарор тараққиёт учун умумий ёндошувни келишиб олиш ва 2030 йилгача минтақада экологик барқарорликни таъминлаш бўйича минтақавий стратегик дастурлар, баёнотлар, меморандум ва битимлар ҳам қабул қилиш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга 20 дан ортиқ минтақавий ташаббуслар илгари сурилиши кутилмоқда.
Ушбу саммит экологик муаммолар, хусусан, Орол денгизи фожиаси атрофида шаклланган глобал ва минтақавий кун тартибини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Орол инқирози нафақат экологик, балки ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар муаммо сифатида бутун минтақа давлатларини ўзаро ҳамкорликка мажбур қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, саммит минтақа давлатлари ўртасида масъулиятни бўлишиш ва биргаликда ечим излаш майдони ҳисобланади.
Бу ташриф Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда олиб бораётган очиқ ва фаол ташқи сиёсатининг давоми сифатида баҳоланиши мумкин. Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан Марказий Осиёда ишонч муҳитини мустаҳкамлаш, қўшни давлатлар билан конструктив мулоқотни ривожлантириш ва умумий муаммоларни биргаликда ҳал этиш устувор йўналишга айланган.
Экологик дипломатия айнан шу сиёсатнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
Ушбу минтақавий экологик саммит халқаро даражада ҳам жуда аҳамиятлидир. Орол муаммоси глобал иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва барқарор ривожланиш каби масалалар билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис, мазкур платформа орқали Марказий Осиё давлатлари халқаро ҳамжамият эътиборини жалб этиш, инвестициялар ва технологик кўмак олиш имкониятига эга бўлади.
Остона шаҳрида ўтказилаётган ушбу минтақавий экологик саммит нафақат экологик муаммоларни муҳокама қилиш, балки сиёсий яқинлашув, ўзаро ишонч ва минтақавий интеграцияни чуқурлаштиришга хизмат қиладиган муҳим дипломатик воқеа сифатида намоён бўлади.

Наврўзбек ЮСУПОВ —
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Экологик партия фракцияси аъзоси.




