“Проактив” шаклда пенсия қандай тайинланади ?
Бугунги кунда Пенсия жамғармаси томонидан ёшга доир ва ногиронлик пенсиялари “Проактив” яъни фуқароларнинг алоҳида мурожаатисиз тайинланмоқда.
Бу нима дегани ?
Фуқаро пенсия ёшига тўлиши муносабати билан Пенсия жамғармаси томонидан унга пенсия тайинланиши учун тегишли вазирлик ва идораларга электрон сўровлар юборилади. Бунга жавобан тегишли ташкилотлардан фуқароларнинг иш стажи, жамғариладиган пенсия маблағлари учун ўтказилган тўловлар, ўқиш даври, оилага оид маълумотлар иш ҳақи, харбий хизмат каби маълумотлар Пенсия жамғармасига онлайн юборилади. Шундан сўнг Пенсия жамғармаси томонидан фуқаронинг иш стажи, иш ҳақи, ўқиш даври ва бошқа маълумотлари асосида унга пенсия тайинланади, ҳамда пенсия тайинланганлиги ҳақида пенсионернинг телефон рақамига SMS хабар юборилади. Мобил телефон рақами номида бўлмаган ёки умуман телефондан фойдаланмайдиган фуқароларга ушбу хабар почта хизмати орқали етказилади.
Эслатиб ўтамиз, ёшга доир ва ногиронлик пенсияларини тайинлашда фуқароларнинг барча маълумотлари тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан олинади. Барча маълумотлари рақамлашган фуқароларга муаммосиз проактив пенсия тайинланади.
Меҳнат дафтарчасидаги маълумотлар рақамлашмаган фуқаролар ҳудудлардаги бандлик бўлимларига мурожаат қилган ҳолда маълумотларини бепул рақамлаштириб олишлари мумкин.
Маълумотлари рақамлашганлик ҳолатини Ягона интерактив хизматлари портали орқали (my.gov.oz) текшириш имконияти мавжуд.
Ҳурматли фуқаролар, пенсиянгизга бефарқ бўлманг !
Пенсияга ҳозирданоқ ҳаракатни бошланг.
С.Холназарова,
Пенсия жамғармаси Избоскан туман бўлими бош мутахассиси
