Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Тадбиркорнинг қонуний манфаатлари суд ҳимоясида

Тадбиркорнинг қонуний манфаатлари суд ҳимоясида

Мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида бошланган ислоҳотларнинг дастлабки кунлариданоқ юксак маррага эришишда илғор технологиялар асосида замонавий корхоналар очаётган, юз минглаб янги иш ўринларини яратаётган ва дунё бозорларига жадал кириб бораётган тадбиркорларни қўллаб–қувватлаш стратегик вазифа этиб белгиланди. Кейинги йилларда мана шу мақсадлар сари кенг кўламли ислоҳотлар босқичма–босқич кечмоқда.

“Сўнгги саккиз йилда судларга доир 70 га яқин қонун, фармон ва қарор қабул қилинганлиги, уларнинг моддий-техник базаси яхшиланганлиги, булар аҳоли ва тадбиркорларнинг масалаларини ҳал этиб, адолатни қарор топтиришга хизмат қилятганлиги, ўтган йили судларда 3 миллиондан ортиқ масала кўриб чиқилганлиги, бу — аҳолининг ҳуқуқий онги ошиб бораётганидан далолат эканлиги эътироф этилди. Бу инсон манфаатларига хизмат қиладиган, қонун устуворлигини таъминлайдиган одил судлов соҳасини такомиллаштириш давлатимизнинг доимий эътиборида эканининг исботидир.

Судлар олдига тадбиркорлик, инвестиция, инфратузилма, ер, солиқ, кредит, меҳнат муносабатлари, шунингдек, тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммоли масалаларни таҳлил қилиб, ҳукуматга ва парламент муҳокамасига киритиб бориш вазифаси қўйилди. Шунга мувофиқ, Олий суд томонидан қайд этилган масалалар бўйича судларда кўрилган ишларни чуқур таҳлил қилиш асосида аниқланган муаммоли масалалар ҳукумат ва парламент муҳокамасига мунтазам равишда киритиб борилмоқда.

Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш имконияти тобора кенгайтирилмоқда. Бу борада судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш ва қўшимча қулайликлар яратиш, тадбиркорларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, уларнинг судга ишончини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлат органлари қарорлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги устидан шахснинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга ошириш масаласи жуда муҳим. Ушбу масъулиятли вазифани таъминлашга хизмат қиладиган маъмурий судлар ташкил этилиши, шунингдек, иқтисодий судларда иш юритиш соддалаштирилиши тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини янада оширди.

Охирги йилларда суд иш юритуви соҳасига оид қатор тартиб-таомиллар жорий этилди. Натижада судлар орқали тадбиркорларнинг ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва тиклаш билан боғлиқ бюрократик тўсиқ, оворагарчилик ва сарф-харажатлар кескин қисқартирилишига эришилмоқда.

Иқтисодий процессуал кодексида тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, банклар ўртасидаги низолар бўйича ишларни кўриб чиқишда қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддият ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъекти фойдасига талқин этилиши белгиланди.

Бундан ташқари “Давлат божи тўғрисида”ги қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига палата аъзолари манфаатида олдиндан давлат божи тўламасдан суднинг барча инстанцияларига мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Қолаверса, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолияти доирасида судларга мурожаат қилиш чоғида белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлашига оид имтиёз белгиланди.

Бу ҳақда батафсил тўхталаётганимиз бежиз эмас. Чунки бу тизимли имкониятларнинг барчаси бугунги кунда тадбиркорларни суд орқали ҳуқуқий ҳимоялашни янада кучайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Энг муҳими, иқтисодий ва фуқаролик суд ишларини юритиш соҳасига соддалаштирилган тартиблар жорий этилди. Эндиликда даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса, беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида, суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан йигирма кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилмоқда. Шу асосда 2022-2024 йилларда иқтисодий судлар томонидан 42 мингдан ортиқ иш соддалаштирилган тартибда кўрилиб, ҳал этилган.

Суднинг ахборот тизими орқали мурожаат қилишда суд ҳужжатларини мурожаатга илова тарзида тақдим этишга оид мажбурият бекор қилинди. Бу билан судга мурожаат қилишдаги бюрократик тўсиқларга барҳам берилди.Тадбиркорларнинг бузилган ва низолашилаётган ҳуқуқларини иқтисодий судларда тезкор ва сифатли кўриб чиқиш таъминланмоқда. Айниқса, ишларни кўришдаги асоссиз кечиктиришларнинг олдини олиш мақсадида, суд ишларини кўриш, қолдириш ва танаффус қилишнинг қатъий муддати ва ҳолатлари белгилаб қўйилди. Муҳим жиҳатлардан бири, “Медиация тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши натижасида суд низосини ҳал этишда яраштириш тартиб-таомилларини қўллаш имконияти кенгайди. Биринчи инстанция судида суд маслаҳатхонага қарор қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафларга медиатив келишув тузиш имконияти берилди.

Иқтисодиёт ривожида инвестициянинг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Бу, ўз навбатида, инвесторлар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг самарали тизими яратилишини тақозо этади. Шу муносабат билан инвесторлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низо ва рақобатга оид ишларнинг судловга тааллуқлилигига оид янги тартиб белгиланди. Жумладан, йирик инвесторларга тааллуқли низолар ва рақобатга оид ишлар, тарафларнинг хоҳишига кўра, Олий суднинг биринчи инстанция судида тўғридан-тўғри кўрилиши мумкин. Айни чоғда бошқа инвесторлар иштирокидаги инвестициявий низолар, уларнинг хоҳишларини инобатга олган ҳолда, вилоят даражасидаги судлар томонидан биринчи инстанция судида кўрилмоқда.
Судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш орқали тадбиркорларга одил судлов имкониятидан фойдаланишда ҳам қатор қулайликлар яратилди. Жумладан, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари кенг татбиқ этилиб, судларга масофадан туриб, электрон тарзда мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизими, шу жумладан, мобил воситалар орқали иштирок этиш, холисликни таъминлаш мақсадида, судьялар ўртасида ишларни ахборот тизими орқали автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди.
Одил судлов соҳасини рақамлаштиришни янада кенгайтириш мақсадида, Олий суднинг интерактив хизматлар портали ишга туширилди. Натижада аҳоли ва тадбиркорлар учун одил судлов имкониятидан фойдаланишдаги барча имкониятлар электрон ва интерактив шаклга келтирилиб, бюрократик ноқулайликлар бартараф этилди. Судларнинг ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари ўртасида муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумот ва ҳужжатларни тадбиркор ва фуқароларни овора қилмаган ҳолда бевосита судларнинг ўзи томонидан электрон шаклда олиш тартиби амалиётга жорий этилди. Бунда маълумотлар алмашинувининг рақамли шаклга ўтказилгани катта аҳамият касб этди.

Олий суднинг интерактив хизматлар порталида судларга электрон шаклда мурожаат қилиш, суд харажатларини электрон тарзда тўлаш, қонуний кучга кирган суд қарорлари билан танишиш, ишлар ҳолатини онлайн кузатиб бориш, суд чақирув қоғозини электрон олиш, суд мажлиси жадвали билан онлайн танишиб бориш, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб суд мажлисларида мобил видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этиш каби интерактив хизматлар жорий этилди.
Ҳозирга қадар судларнинг 6,4 миллиондан ортиқ қарори Олий суднинг интерактив хизматлар порталида эълон қилинди.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва суд ҳокимияти очиқлигини ошириш йўлида муҳим чоралар кўрилмоқда. Бундай замонавий ёндашувлар эвазига одил судлов самарадорлигига эришилмоқда. Соҳадаги чора-тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман, одил судловга эришишни амалга ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бериб, судлар мустақиллигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Келгусида тадбиркорларнинг суд орқали ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг одил судловдан қулай фойдаланиши борасида бир қатор тизимли ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

С. А. Умаралиев,

Андижон туманлараро иқтисодий суди раиси

Улашинг: