Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Кибержиноятчилик ва унга қарши кибермаданият: рақамли хавфсизликнинг муҳим омили

Кибержиноятчилик ва унга қарши кибермаданият: рақамли хавфсизликнинг муҳим омили

Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиши инсон ҳаётининг деярли барча соҳаларини қамраб олмоқда. Давлат хизматлари, банк операциялари, таълим, савдо ва мулоқот жараёнлари рақамли муҳитга кўчиб бораётган бир пайтда кибержиноятчилик ҳам глобал таҳдид сифатида намоён бўлмоқда. Шу сабабли жамиятда кибермаданиятни шакллантириш ва аҳолининг рақамли хавфсизлик бўйича саводхонлигини ошириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Кибержиноятчилик – ахборот тизимлари, компьютер тармоқлари ва интернет технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар йиғиндисидир. Бундай жиноятлар шахсий маълумотларни ўғирлаш, банк карталари маблағларини талон-торож қилиш, фирибгарлик, зарарли дастурлар тарқатиш, ахборот тизимларига ноқонуний кириш, шахснинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи маълумотларни тарқатиш каби кўринишларда намоён бўлади.

Кибержиноятчиликнинг энг кенг тарқалган турлари қуйидагилардан иборат:

  • Фишинг – фойдаланувчининг логин, пароль ва банк маълумотларини қўлга киритиш мақсадида сохта сайтлар ёки хабарлар юбориш;
  • Онлайн фирибгарлик – ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали ёлғон маълумотлар тарқатиб, фуқароларнинг маблағларини ўзлаштириш;
  • Зарарли дастурлар тарқатиш – вирус, троян ва бошқа зарарли дастурлар орқали қурилмаларга зарар етказиш;
  • Шахсий маълумотларни ўғирлаш – фуқароларнинг шахсий маълумотларини ноқонуний равишда қўлга киритиш ва тарқатиш;
  • Кибербуллинг – интернет орқали шахсни ҳақорат қилиш, таҳқирлаш ёки руҳий босим ўтказиш;
  • Ахборот тизимларига ноқонуний кириш – давлат ва хусусий ташкилотларнинг маълумотлар базасига рухсатсиз кириш.

Кибермаданият – интернет ва ахборот технологияларидан хавфсиз, масъулиятли ва қонун доирасида фойдаланишга оид билим, кўникма ва хулқ-атвор қоидаларининг мажмуасидир.

Киберхавфсизликни таъминлаш учун:

  1. Мураккаб ва ноёб пароллардан фойдаланиш;
  2. Икки босқичли аутентификацияни ёқиш;
  3. Шубҳали ҳаволаларни очмаслик;
  4. Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш;
  5. Дастурларни мунтазам янгилаб бориш;
  6. Расмий манбалардан фойдаланиш;
  7. Болаларнинг интернетдан фойдаланишини назорат қилиш;
  8. Киберҳужум ҳолатларида ваколатли органларга мурожаат қилиш.

Хулоса қилиб айтганда, кибержиноятчиликка қарши курашишда ҳар бир фуқаронинг кибермаданияти муҳим аҳамият касб этади. Интернетдан онгли ва хавфсиз фойдаланиш рақамли жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлайди.

А.Исакулов,

Андижон вилоят маъмурий судининг судьяси.

Улашинг: