Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Таълим тизимидаги янги босқич

Коронавирус пандемия­си тарқалиши олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин шароитида таълим муассасалари, жумладан, мактаблар вақтинча ёпилган бўлса-да, ўқувчилар учун таълим жараёни тўхтаб қолгани йўқ. Уларда АКТлар асосида таълим масофавий усулда олиб борилмоқда.Туманимиз мактаб­ларида ҳам туман халқ таълими бўлими, мактаб директорлари ва ўқитувчилар томонидан ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ўқув ҳамда тарбиявий характердаги материал ҳамда топшириқларни масофадан етказиш, ота-оналар билан телефон орқали мунтазам мулоқотда бўлиш йўлга қўйилди.

Карантин даврида таълим муассасаси фаолиятини бир маромда ташкил этиш, жамоа ходимларининг бошини белгиланган мақсад сари қовуштириш, жорий ўқув йилига белгиланган вазифаларни оғишмай амалга ошириш, шунингдек, таълим муассасасида карантин даврига мўлжалланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, биноларни мунтазам дезинфекция қилиб бориш, асосий бинолар кириш қисмида қўл ювиш воситаларини ўрнатиш, бинога қўлларни совун билан ювиб, махсус ниқоб таққан ҳолда кириш, ўқувчиларга уй шароитида машғулотлар ўтишни ташкил этиш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш юзасидан тушунтириш ва тавсиялар берилиб, бу вазифаларнинг бажарилиши назоратга олинди.
Ўқув йилини муваффақиятли якунлаш, амалдаги ўқув режа ва ўқув дастурларига мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни сифатли ташкил этиш педагоглар, касбий таълим усталаридан ишчанлик, ижодкорлик ҳамда фидокорликни талаб этади. Пандемия шароитида эса ушбу масъулият ўқувчиларнинг ота-оналарида кўпроқ бўлди. Шу боис, ўқитувчилар ҳар бир битирувчи-ўқувчи билан доимий алоқада бўлиб, уларнинг телеканалларда берилаётган онлайн дарс жараёнларини мунтазам кузатиб боришларини бевосита ташкил этдилар ва маълум натижаларга эришилди.
20-, 25- умумтаълим мактабларининг француз тили ўқитувчилари Маърифжон Жўраев ҳамда Меҳрибон Абдуллаеваларнинг олиб борган ишлари барчага намуна бўлди, десак муболаға бўлмайди. Улар май — Хорижий тиллар фани ойлигида ўз таж­рибалари ва малакаларини синовдан ўтказдилар. Вилоят ҳалқ таълими бошқармаси томонидан ўтказилган “Энг яхши илмий мақола” онлайн танловида иштирок этишиб, фахрли ўрин соҳибига айландилар.
Тажрибали ўқитувчи Меҳрибон Абдуллаева танловда “Мактабларда ўқувчиларга француз тилини ўқитишда замонавий услубда замонавий методлардан фойдаланиш” мавзусида иштирок этган бўлса, Маърифжон Жўраев хорижий тилни замонавий услубда инновацион методларни лойиҳалаш йўналиши бўйи­ча танловда иштирок этди ва ўқитиш услубларини ёритиб берди. Улар нафақат вилоят балки республика миқёсидаги танловларда иштирок этишиб, фахрли ўринларга сазовор бўлмоқдалар. Уларнинг ўқувчилари ҳам ўз устозлари изидан боришиб, иқтидорларини намойиш этишиб, барча танловларда юқори ўринларни қўлга киритдилар. Бундай қувонарли ютуқларни туманимиздаги бошқа мактаблар ўқитувчилари ва ўқувчилари мисолларида ҳам кўришимиз мумкин. Бундан кўринадики, туманимиздаги умумтаълим мактабларида чет тилларни ўқитишда энг замонавий усуллардан фойдаланилмоқда.

М. РУСТАМОВ.

Суратда: туман халқ таълими бўлими хорижий фанлар услубчиси Мавлудахон Одилова (ўртада) Меҳрибон Абдуллаева ва Маърифжон Жўраевлар билан.

Улашинг: