ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИГА ҚАРШИ КУРАШИШ – БУГУНГИ БУРЧ, КЕЛАЖАК АВЛОДЛАР ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТ
Ўзбекистоннинг «яшил» тараққиёт йўли ва глобал экологик ҳамкорликдаги янги ташаббуслари.
Бугун инсоният олдида турган энг долзарб ва мураккаб муаммолардан бири – иқлим ўзгариши, экологик мувозанатнинг бузилиши, сув ресурслари тақчиллиги, ерларнинг деградацияси ва биологик хилма-хилликнинг қисқаришидир. Бу муаммолар аллақачон алоҳида давлатлар чегарасидан чиқиб, бутун инсониятнинг барқарор тараққиёти, озиқ-овқат хавфсизлиги ва келажак авлодлар тақдирига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Шу маънода, 2026 йил 10–11 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) ва унинг доирасида ташкил этилган Жаҳон етакчилари саммити халқаро экологик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим сиёсий майдон бўлди.
Дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакати давлат ва ҳукумат раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда молиявий институтлар раҳбарлари иштирок этган мазкур анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқи мамлакатимизнинг глобал иқлим кун тартибидаги фаол позицияси, экологик масъулияти ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатъий сиёсий иродасини яна бир бор намоён этди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон глобал иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни изчил қўллаб-қувватлаётганини, мамлакат тараққиётини «яшил» технологиялар, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорлик тамойиллари асосида ташкил этаётганини алоҳида таъкидлади. Бу, энг аввало, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг стратегик йўналиши ўзгараётганини англатади. Энди иқтисодий ўсишни фақат ишлаб чиқариш ҳажми, инвестициялар ёки ялпи ички маҳсулот кўрсаткичлари билан эмас, балки табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги, энергия тежамкорлиги ва атроф-муҳитга таъсир даражаси билан ҳам баҳолаш зарур.
Президентимиз томонидан углерод чиқиндиларини камайтириш борасида мамлакатимиз олдига қўйган ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш мақсади муддатидан олдин бажарилгани ҳамда 2035 йилга қадар ушбу кўрсаткични 50 фоизга етказиш бўйича янги марра белгилангани қайд этилди. Бу рақамлар шунчаки статистик кўрсаткич эмас. Уларнинг замирида саноатни модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш ва ишлаб чиқаришда экологик тоза технологияларни жорий этишдек кенг қамровли вазифалар мужассам. Айниқса, яқин тўрт йилда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини 54 фоизга етказиш режаси энергетика соҳасидаги трансформациянинг муҳим босқичи ҳисобланади. Қуёш ва шамол энергетикаси имкониятларидан самарали фойдаланиш нафақат энергия таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлайди, балки атмосферага зарарли чиқиндилар чиқарилишини камайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
Марказий Осиё шароитида иқлим ўзгаришининг энг жиддий оқибатларидан бири сув ресурслари билан боғлиқ муаммоларда намоён бўлмоқда. Музликларнинг қисқариши, дарёлар сув оқимининг ўзгариши, қурғоқчилик ва сувга бўлган талабнинг ортиши минтақадаги экологик ҳамда иқтисодий барқарорликка жиддий таъсир кўрсатмоқда. Шундай шароитда Президентимиз томонидан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилгани бежиз эмас. Хусусан, сўнгги ўн йилда иқтисодиётимизда сув сарфи қарийб икки бараварга камайгани, ҳавзалардан олинаётган сув миқдори беш баравар қисқартирилгани, суғориладиган ер майдонларининг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилгани муҳим натижалардир. Бу борадаги ислоҳотларнинг аҳамияти шундаки, сувни тежаш фақат қишлоқ хўжалиги ёки ирригация соҳасининг вазифаси эмас. Бу – мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли фаровонлиги, саноат ривожи ва келажакдаги иқтисодий имкониятларини таъминлашнинг асосий шартларидан биридир. Шунинг учун ҳам томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини кенгайтириш, сув ҳисобини рақамлаштириш, сув йўқотишларини камайтириш, каналларни модернизация қилиш ҳамда аҳоли ўртасида сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш устувор вазифа бўлиб қолиши лозим.
Президентимиз нутқида ерларни қайта тиклаш, ўрмонзорлар майдонини кенгайтириш ва Оролбўйи ҳудудида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида урғу берилди. Мамлакатимизда ўрмонлар майдонининг 6 миллион гектарга кўпайтирилгани, унинг учдан бир қисми Оролбўйи ҳудудига тўғри келиши экологик тикланиш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатларнинг муҳим натижасидир. Орол фожиаси нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун умумий экологик сабоқдир. Қуриб қолган денгиз тубида ҳосил бўлган Оролқумдан кўтарилаётган туз ва чанг бўронлари инсон саломатлиги, тупроқ унумдорлиги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис Оролбўйида саксовулзорлар барпо этиш, чўлланишга қарши курашиш, биологик хилма-хилликни тиклаш ва аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратишга қаратилган ишлар нафақат миллий, балки халқаро аҳамиятга эга. Бу тажриба шуни кўрсатадики, экологик муаммоларни ҳал этишда фақат оқибатлар билан курашиш етарли эмас. Уларнинг илдиз сабабларини бартараф этиш, табиий экотизимларни тиклаш ва узоқ муддатли профилактик чораларни амалга ошириш зарур.
Саммитда илгари сурилган муҳим йўналишлардан яна бири чиқиндилар билан боғлиқ ишларни тизимли ташкил этиш масаласидир. Ўзбекистонда 3 миллиард доллардан ортиқ инвестиция йўналтирилиши назарда тутилган «Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси»нинг жорий этилиши ушбу соҳани тубдан ислоҳ қилишга хизмат қилади. Бугун чиқиндини фақат йўқотилиши керак бўлган маиший қолдиқ сифатида қабул қилиш даври ўтди. Замонавий иқтисодиётда чиқиндини саралаш, қайта ишлаш ва ундан иккиламчи хомашё сифатида фойдаланиш катта иқтисодий аҳамият касб этмоқда. Айланма иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш орқали табиий ресурслар сарфини камайтириш, янги ишлаб чиқариш тармоқларини шакллантириш, экологик тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мумкин. Бунинг учун чиқиндиларни манбаида саралаш тизимини кенгайтириш, қайта ишлаш корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, замонавий полигонлар ташкил этиш ва ишлаб чиқарувчиларнинг экологик масъулиятини кучайтириш муҳимдир.
Президентимиз нутқида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилгани, айниқса, катта сиёсий ва ижтимоий аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимизда болаларнинг экологик тарбияси оила, маҳалла ва мактабдан бошланади. Сувни тежаш, дарахтларни парвариш қилиш, атроф-муҳитни тоза сақлаш каби ҳаётий кўникмалар ёш авлод онгига болаликдан сингдирилиши зарур. Дарҳақиқат, экологик маданиятни фақат тарғибот тадбирлари ёки қонун талаблари билан шакллантириб бўлмайди. У инсоннинг кундалик ҳаёти, дунёқараши ва шахсий масъулиятининг ажралмас қисмига айланиши керак. Бугун мамлакатимиз аҳолисининг ҳар бешинчи фуқароси мактаб ўқувчиси ёки талаба экани қайд этилгани бу йўналишдаги вазифалар кўламини янада яққол намоён этади. Демак, бугун таълим олаётган ёшларнинг экологик онги ва маданиятига киритилаётган сармоя келажакда бутун жамиятнинг табиатга муносабатини белгилайди. Шу нуқтаи назардан, мактабгача таълим ташкилотларидан бошлаб олий таълим муассасаларигача бўлган барча босқичларда экологик таълимни кучайтириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ёшлар иштирокини кенгайтириш, экологик волонтёрлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш ва таълим муассасаларида амалий экологик лойиҳаларни кўпайтириш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, дарахт экишнинг ўзи етарли эмас, уни парвариш қилиш, асраш ва келажак авлодга соғлом табиатни қолдириш масъулиятини ҳам ёшлар онгига сингдириш лозим.
Анталия саммитида илгари сурилган энг муҳим ташаббуслардан бири – Марказий Осиёда минтақавий иқлим интеграцияси моделини ривожлантириш таклифидир. Бу ташаббуснинг аҳамияти шундаки, минтақадаги экологик муаммолар давлат чегараларини тан олмайди. Музликларнинг эриши, сув ресурсларининг камайиши, чўлланиш, ҳаво ифлосланиши ва трансчегаравий экологик хавф-хатарлар барча мамлакатларга бирдек таъсир кўрсатади. Шундай экан, ушбу муаммоларга қарши курашишда ҳар бир давлатнинг алоҳида саъй-ҳаракатлари билан чекланиб қолиш мумкин эмас. Минтақавий ҳамжиҳатлик, ўзаро ишонч ва илмий-технологик ҳамкорлик зарур. Давлатимиз раҳбари таклиф этган минтақавий иқлим интеграцияси модели учта муҳим йўналишни қамраб олади. Биринчиси – ахборот ҳамкорлиги. Жаҳон метеорология ташкилоти кўмагида иқлим хавф-хатарлари тўғрисидаги маълумотлар алмашинуви инфратузилмасини яратиш таклифи минтақада ягона экологик мониторинг ва эрта огоҳлантириш тизимини шакллантириш учун муҳим асос бўлади. Иккинчиси – технологик ҳамкорлик. «Eco Expo» кўргазмасини минтақамиз эҳтиёжларига мос замонавий экологик ечимлар, инновациялар ва инвестициялар майдонига айлантириш ташаббуси давлатлар ўртасида технологиялар трансфери ва илғор тажриба алмашинувини рағбатлантиради. Учинчиси – молиявий ҳамкорлик. Тараққиёт банклари ва мақсадли жамғармалар билан биргаликда имтиёзли грантлар, «мовий» ва «арид» молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш таклифи минтақада экологик лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтиради. Айниқса, иқлим ўзгаришига мослашиш, сув инфратузилмасини модернизация қилиш, ерларни тиклаш ва биологик хилма-хилликни сақлаш каби йўналишларда молиявий ресурсларни сафарбар этиш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу уч йўналишни ўзаро уйғунлаштириш орқали Марказий Осиёда экологик хавф-хатарларни олдиндан баҳолаш, уларнинг оқибатларини юмшатиш ва умумий экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича самарали минтақавий механизмни шакллантириш мумкин.
Президентимиз нутқида белгиланган мақсад ва ташаббуслар мамлакатимизда экологик ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб бериш билан бирга, парламент вакиллари, сиёсий партиялар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари олдига ҳам муҳим вазифаларни қўймоқда. Энг аввало, экологик қонунчиликни замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича ҳуқуқий механизмларни кучайтириш, экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоатчилик назоратини самарали ташкил этиш зарур. Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси вакиллари сифатида биз учун мазкур вазифалар алоҳида масъулият касб этади. Чунки экологик хавфсизликни таъминлаш фақат тегишли давлат органларининг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир. Бу борада парламент назорати имкониятларидан самарали фойдаланиш, ҳудудларда экологик муаммоларни ўрганиш, аҳоли мурожаатларини таҳлил қилиш, муаммолар ечимига қаратилган қонунчилик ташаббусларини илгари суриш ва давлат дастурлари ижроси устидан таъсирчан назоратни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фаол фуқаролар билан ҳамкорликни кучайтириш орқали экологик масалаларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш лозим.
Анталия шаҳридаги COP31 доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг глобал экологик жараёнлардаги фаол иштирокини, миллий манфаатлар ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигига асосланган сиёсатини яна бир бор намоён этди. Энг муҳими, мамлакатимиз экологик муаммоларга фақат бугунги куннинг муаммоси сифатида эмас, балки келажак авлодлар тақдири, миллий тараққиёт ва минтақавий хавфсизлик билан чамбарчас боғлиқ стратегик масала сифатида ёндашмоқда. Бугунги вазифа – белгиланган мақсадларни аниқ амалий натижаларга айлантириш, халқаро ташаббусларни миллий ва минтақавий лойиҳалар билан уйғунлаштириш ҳамда экологик масъулиятни ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаёт меъёрига айлантиришдан иборат. Менинг фикримча, ҳақиқий экологик тараққиёт фақат замонавий технологиялар, йирик инвестициялар ёки қабул қилинган қонунлар билан эмас, балки инсоннинг табиатга бўлган муносабати ўзгариши билан ўлчанади. Зеро, табиатни асраш – бу шунчаки экологик вазифа эмас. Бу Ватанга садоқат, инсон саломатлигига ғамхўрлик, миллий тараққиётга ҳисса ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятдир.
Табиатни асраш – келажакни асрашдир!
Юсупов Наврўзбек Мукимжонович,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси.


