Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ОВОЗИ БУЛБУЛНИКИДЕК ЭДИ…

Йўлдошева Обидахон опанинг овозини уйимиздаги радиодан эшитганман. Унинг ҳар бир чиқишини туманимиз аҳли сабрсизлик билан кутарди. Зеро ҳар бир чиқиш шундай ранг-баранг бўлардики, туман радиоси учун берилган қисқа вақтда барча янгиликларни радиотингловчиларга етказарди. Ўша вақтдаги радио эшиттиришнинг долзарблигини бугунда ёши етмишни қоралаганлар яхши билишади. Насиб экан замоннинг зайли билан туман радиолари қисқариб, опа тахририятга ишга келди. Опа билан таҳририят ҳисобхонасига ишга келганимда танишган эдик. Самимий, очиқкўнгил, ҳар қандай топшириқни вақтида бажарадиган аёл эди. Турмуш ўртоғи вафотидан кейин ҳам ота, ҳам она бўлиб, 2 ўғил бир қизни вояга етказди. Уларнинг олий маълумот олишлари, ҳаётда ўз йўлларини топиб олишлари учун тинмай меҳнат қилди. Қийинчиликларни енгиб ўтди.
Нафақага чиққанидан сўнг бир неча йиллар Пойтуғ шаҳридаги А.Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси, туман Оила маркази раҳбари лавозимларида ишлади. Иш фаолияти давомида барчанинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилди. Ундан ёрдам сўраб келувчиларни жон қулоғи билан тинглаб, имкон қадар кўмагини аямади. У ҳеч қачон нолимасди. Шукроналик унинг шиори бўлганди. Ҳар доим хушчақчақ, суҳбатдошини тинглайдиган, қабулига келган аёлларга ўзининг муаммолари бисёр бўлса-да, дардига малҳам бўлар эди.
Эсимда, таҳририятимизга Андижон вилояти Ёзувчилар уюшмаси ходимлари бир қатор журналистларнинг уюшмага аъзолик гувохномаси ва кўкрак нишонини олиб келиб топширишди. Обида опанинг телефонига туша олмадик. Ўз қўлингиз билан опага топширасиз, сизга ишондик, деб менга гувоҳнома билан нишонни ташлаб кетдилар. Ўша куни ва эртасига ҳам опа билан боғлана олмадим. Икки кун ўтмасдан, опанинг бу дунёни тарк этганини эшитиб, карахт ҳолатга тушдик. Кечагина очилиб-сочилиб, табаррук Ҳаж тадоригини кўраётган, невараларимга тўй қиламан, деб осмонларда учиб юрган аёл бугун орамизда йўқ.
Ҳа, у ёруғ оламни тарк этди. Лекин ундан инсонлар учун яхшиликлар, эзгу ишлари, ажойиб-унинг ишларини давом эттирувчи фарзандлари, порлоқ хотираси қолди.
Опажоним, илоҳим жойларингиз жаннат боғларида бўлсин.
Ойистахон ИСЛОМОВА.
Суратда: Обидахон Йўлдошева ўртада.

Улашинг: