Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ДИЙДОР ШИРИН

«Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш-халқимизга хос эзгу фазилат» ғояси остидаги «Кексалар ҳафталиги» кунлари учрашув ва кечаларга, тадбирларга бой бўлди.
Туманимиз ҳудудидан ўтган Фарғона канали соҳилининг сўлим гўшасида Уста Йўлбарс ота Ўтаганов меҳнати билан бунёд этилган тўйхонада 50 йил аввал 27-умумтаълим мактабини тамомлаб, мус­тақил ҳаётга қадам қўйган собиқ синфдошларнинг учрашув кечаси бўлиб ўтди.
Кечага Алифбо сабоқларини берган устозлар ҳам таклиф этилдилар. Устозлардан Қўчқорбой Юсупов, Ҳакимжон Тоштемиров, Раҳимжон Эшонжонов, Собиржон Мамашириновлар сўзга чиқиб, синфдош ўқувчиларга илк бор таълим берган онларни ёдга олдилар. Шогирдлар эса устозларни дил сўзлари, миннатдорчиликлари билан эъзозладилар. Устозлардан таълим олган Адҳамжон Ҳамидов тиббиёт ходими, Собиржон Юсупов-муҳандис, Зарифахон Қўлдошева агроном, Ханифахон Охунова-тўқувчи, Баҳодиржон Нуриддинов-пахтачилик устаси, Одинахон Хожибекова қишлоқ хўжалиги мутахассиси бўлиб етишдилар. Улар синфдошлари билан Ватанимиз равнақи учун сидқидилдан меҳнат қилдилар. Улар орасида Замирахон Қўлдошева “Шухрат”, Одинахон Хожибекова “Кўрсатган хизматлари учун” медаллари соҳибаси бўлдилар.
Учрашув кечасида марҳум синфдошлар хотираси ёдга олиниб, қуръон-тиловат қилинди. Марҳум Рўзихон Тўланова, Олимжон Маликов, Тошмуҳаммад Холматовларнинг фарзандлари ота-оналарининг синфдошларига эсдалик совғаларини топширдилар. Кечада бир партада ўтириб, бир-бирига кўнгил қўйган Баҳодиржон Нуриддинов ва Замирахон Қўлдошеваларнинг мактаб чоғларидаги хотиралари билан ўртоқлашдилар. Катта таассуротларга бой ўтган кечада собиқ синфдошлар шундай дийдорлашувни тез-тез ташкил этиш ҳақида келишиб олдилар.

М. РУСТАМОВ.

Улашинг: