Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Мўл ҳосилни кўзлаб

Мўл ҳосил ишқида самарали меҳнат қилаётган туманимиз фермер ҳўжаликлари миришкор деҳқонлари 6265 гектар ер майдонида “Аср”,”Чиллаки”,”Давр”,”Васса”,”Антанина” каби буғдойнинг серҳосил навларини экиб, агротехника қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда парваришлагандилар. Бугунги кунда уларнинг юзларидаги табассум, дилларидаги қувонч кўзда тутилган 20 минг тоннага яқин дон етиштирилганидан далолат бермоқда. Албатта уруғлик учун топшириладиган дон ҳам кўнгилдагидек. Андижон дон маҳсулотлари акциядорлик жамияти,Избоскан дон қабул қилиш шаҳобчасига кириб келаётган “Ғалла карвони”нинг узунлиги ҳам фикримизнинг яққол далили бўлмоқда. Ғаллакорларимизнинг қувончларига шерик бўлган ҳолда туман дон қабул қилиш шаҳобчаси раҳбари Бобирбек Кенжаев билан суҳбатда бўлдик. У донни қабул қилишга тайёргарлик пухта бўлганлигини айтар экан, жорий йилда ҳам ҳар йилгидек ғалла ҳосили мўл бўлганлигини фахр билан тилган олди. Ғалланинг ҳар бир килоси 4819 сўмдан вақтинча сақлаш ва биржа савдоларида сотиш учун сақланишига тўхталиб ўтди. Ғаллани қабул қилиб олишда торозибон Ойтўрахон Иброҳимов, онлайн оператори Жаҳонгир Назиров, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси, кичик сержант Жаҳонгир Раҳимовлар маъсулиятни ҳис этиб ишлаётганликларига гувоҳ бўлдик.

Мирзоҳид Ҳакимов раҳбарлигидаги лаборатория бўлимининг Севарахон Тўхтаматова, Дилрабо Юсупова, Шоҳидахон Асқарова ,Обиджон Убайдуллаев, Абдуқаҳҳор Икромов каби тажрибали мутахасислари ғалланинг тозалигини, намлигини, сифатини алоҳида замонавий воситалар орқали назорат қилиб, хулоса бермоқдалар.

Шаҳобчада ғаллани қабул қилиб олишда техника ҳавфсизлиги ва турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш жараёнини назорат қилиш учун бириктирилган маъсул вакиллар-туман ички ишлар бўлими бошлиғи Муроджон Болтаев, Халқ депутатлари туман кенгаши котиби Озодбек Позиловлар мавсумни бенуқсон ўтишига муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Бугунгача “Чўмбоғиш Қаҳҳорбек”, Избоскан шоналари”, ”Шарқ юлдузи олтин даласи”, Избоскан файзли замини”, ”Избоскан олтин бошоғи”, Избоскан ёрқин тонги” каби кўплаб фермер ҳўжаликлари гектаридан 70 центнердан ғалла ҳосили олишиб, кўзланган режаларини ортиғи билан уддаладилар. Туманимизнинг қолган барча фермер хўжаликларида ҳам ғаллани ўриб-йиғиб олиш ва қабул пунктларига топшириш қизғин бормоқда.

М. Рустамов.

Суратда: Туман дон қабул қилиш жараёнидан лавҳалар.

Улашинг: