Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ёшлар қалбига кириб боришимиз керак

Яқинда туман маданият бўлимига раҳбар этиб Маъмиржон Жамолиддинов тайинланди. Биз у билан суҳбатда бўлдик.

–Суҳбатимиз бошида ўзингиз ҳақингизда қисқача тўхталиб ўтсангиз?
–Мен Чўнгбоғиш маҳалласида туғилганман. Мактабни битиргач Тошкент давлат консерваториясининг мусиқий овоз режиссёри факультетига ўқишга кирдим. Олийгоҳни тамомлаб “Маҳалла”, “Севимли”, “Менинг юртим” телеканалларида дубляж соҳасида иш олиб бордим. Сўнгра вилоят маданият бошқармасида халқ ижодиётини ривожлантириш сектори мутахассиси бўлиб ишладим.
–Юртбошимизнинг олдинга сурган 5 та муҳим ташаббусини амалга оширишда албатта маданият бўлимининг аҳамияти катта. Бу ҳақидаги фикрингиз?
–Туман маданият бўлимида 39 нафар ва Лўғумбек, Чувама, Тўрткўл қишлоқларидаги мутахассислар билан ҳисоблаганда катта жамоа бор. Айниқса “Олтин соз” ашула ва рақс халқ ансамбли бу борада муҳим ўрин тутади.
Ишда ўзим тузган дастурий режаларим бор. Бу ҳақида жамоамиз билан ҳам муҳокама қилиб олдик. Айни дамда асосий вазифамиз ижодий тўгаракларни кучайтириш, маданият ва санъат, мусиқа ва театрни ёшлар онгига сингдириш ишларини олиб боришимиз керак бўлади.
–Бу борада қандай ишларни амалга ошириш зарур?
–Ёшларни ижодий тўгарак­ларимиз билан таништириш ва уларни жалб қилиш учун туманимиздаги барча маҳаллада бўлиб, ёшлар, аҳоли ўртасида бадиий дастурларимизни намойиш этишимиз керак. Ёшларни санъатга жалб қилишни туман марказидан чекка ҳудудлардан бош­ладик. Чувама, Наврўз­обод ва бир қатор қишлоқ, маҳаллаларда маданият бўлимининг уста санъаткорлари ва “Олтин соз” ашула ва рақс ансамбли билан концертлар уюштирдик.
3 июнь куни “Ягонамсан Муқаддас Ватан” кўрик танловининг туман босқичини ўтказдик. Унда Янгиқишлоқ маҳалласидан Зулфиқор Нўъмонов 1-ўрин, Ойбек Қосимов 2-ўринни эгалладилар. Улар айни дамда маданият бўлимининг маҳоратли санъаткорлари билан биргаликда вилоят босқичига тайёргарлик кўрмоқдалар.
–Муаммолар ҳам борми?
–Муаммолар ҳақида тўхталиб ўтишим жоиз. Туман маданият бўлимининг моддий базаси яъни бу ерда муҳим аҳамият касб этадиган мусиқа асбоблари, овоз кучайтиргич ва бир қатор ускуналар етишмаслиги фаолиятимизга салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Туман маданият ва истироҳат боғидаги “Амфитеатр”да ўриндиқлар ва саҳнадаги бир неча камчиликларни бартараф этишимиз керак бўлади.
Бу борада маданият вазирлиги ва туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз. Ўйлайманки, бу каби камчиликлар тез орада бартараф этилади. Избоскан санъати тан олинган. Ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
–Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош
Маҳмуджон Рустамов

Улашинг: