Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

САЙЛОВ ЖАРАЕНЛАРИДА СУДЛАРНМНГ РОЛИ

Сайлов жараёнларида судларнинг ўрни

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жамият сиёсий ҳаётида муҳим ўзгаришларни бошлаб берди. Юртдошларимизнинг сиёсий фаоллиги сайлов жараёнида намоён бўлади
Аввало шуни айтиш керакки, Конституциямизда фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асослари белгилаб қўйилган. Сайловда иштирок этувчи ҳар бир шахснинг сайлов жараёнларидаги фаолияти билан боғлиқ асосий тартиб-қоидалар, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг ҳимоясини таъминлаш¬ бўйича қонуний кафолатлар миллий қонунларимизда батафсил белгилаб берилган.
Шу ўринда сайловда иштирок этувчи шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда, кимга ёки қаерга мурожаат этиши лозим, деган савол туғилиши табиий.
Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, амалдаги қонунларимизда сайлов комиссиялари қарорлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари устидан қоида тариқасида юқори сайлов комиссиясига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Қайд этиш жоизки, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини судларнинг мустақиллигисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт. Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим.
Ҳақиқатан ҳам, фақат амалда тўлиқ мустақил бўлган суд адолатли, асосли ва қонуний қарорлар қабул қилади. Қонуний қарор эса, жамиятимизда адолат тамойилларини таъминлашда ўта муҳим ўрин тутади.
Шу маънода айтганда, жамиятимизда барча масалалар, хусусан, манфаатдор шахс сайлов комиссиялари қарорлари устидан юқори сайлов комиссиясига мурожаат қилмасдан, тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳам мумкин. Бунда юқори сайлов комиссиясига мурожаат қилмаганлиги ҳолати манфаатдор шахснинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқига тўсқинлик қилмайди.
Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин. Сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоятлар қоида тариқасида жавобгар жойлашган жойдаги маъмурий судларга берилади.
Қўшма мажлислар, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилинади.
Албатта, амалдаги қонунларимизда судлар томонидан бундай шикоятларнинг кўриб чиқиш тартиби ва муддати аниқ белгилаб қўйилган. Яъни судлар бундай шикоятларни шикоят келиб тушганидан сўнг уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса, дарҳол кўриб чиқади.
Масалан, сайловчи — сайловчилар рўйхатидаги хато ёки ноаниқликни тузатиш ҳақидаги мурожаатини 24 соат ичида кўриб чиқмаслик ёки асоссиз рад этиш, сайловчилар рўйхатига киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик, муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш ёки ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш ҳақидаги аризани кўриб чиқмаганлик ёхуд рад этганлик каби ҳолатлар юзасидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Сайлов натижалари ҳақиқий эмас деб топилган бўлса, сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қилинган шикоят қаноатлантирилган тақдирда,суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши билан дарҳол сайлов комиссиясига ва аризачига топширилади.Суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлган тараф шу суд орқали аппелация шикояти беришга, прокурор эса, аппелация протести келтиришга ҳақлидир.
Сайлов қонунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ва жиноят учун жавобгарлик қатъий белгилаб қўйилиши, сайлов эркинлиги, сайлов тизимининг демократлашиши, сайлов жараёнларини очиқ ва ошкоралиги мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Б.Сатвалдиев
Асака туманлараро иқтисодий судининг раиси

Улашинг: