Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ҚУЁШ ПАНЕЛИ ЎРНАТГАНЛАРГА ҚАНДАЙ ИМТИЁЗЛАР БЕРИЛАДИ?

ҚУЁШ ПАНЕЛИ ЎРНАТГАНЛАРГА ҚАНДАЙ ИМТИЁЗЛАР БЕРИЛАДИ?

Айни кунларда юртимизда энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш бўйича қатор қулайликлар, солиқ имтиёзлари яратилди.

Хўш, ушбу қурилмаларнинг энг муҳим афзалликлари нималардан иборат? Қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларидан фойдаланилганда электр ва иссиқлик энергияси текинга олинади. Қуёш панеллари орқали электр энергия ишлаб чиқарилганда атроф-муҳитга ҳеч қандай зарарли газлар чиқмайди. Энг асосийси, қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмалари ўрнатилган пайтдан бошлаб даромад олиб кела бошлайди. Бундай қурилмалар биноларнинг том қисмида ҳамда бўш ер майдонларга ўрнатилгани учун ишлаш жараёнида ҳеч қандай шовқин бўлмайди. Замонавий воситалар хонадонни узлуксиз электр энергияси ва иссиқ сув билан таъминлаш имконини беради. Бу қурилмаларни ўрнатиш жуда осон ва узоқ йиллар техник хизмат кўрсатиш талаб этилмайди. Чунки мазкур қурилмалар махсус синов лабораториялар текширувидан ўтказилган ҳолда ўрнатилиши сабабли ўртача 20-25 йил давомида хизмат кўрсатади. Хонадон эгаси эҳтиёжидан ортган қисмини электр тармоқлари корхонасига сотиб даромад қилиш ҳам мумкин. Бунда жисмоний шахслар томонидан ҳеч қандай солиқ тўловлари амалга оширилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг 14-моддасига кўра, Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга озод этилади.

▪️Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар эгалигидаги мол-мулкка қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинмайди.

▪️Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғидан озод этилади.

Эслатиб ўтиш жоиз, қайта тикланувчи энергия манбаларидан шахсий эҳтиёжлар учун электр энергияси ишлаб чиқарилган тақдирда, рухсат берувчи ҳужжатлар олиш талаб этилмайди.  

О. Абдуллаев,

Избоскан ДХМ бош мутахассиси.

Улашинг: