ҲАМЮРТИМИЗ ХАЛҚАРО ТАНЛОВДА ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ!

34 та мамлакат ва ҳудуддан келган 183 та иншо орасида Зулайхо Абдумуталибованинг ижодий иши муносиб эътирофга сазовор бўлди.
Бугунги кунда ёшларнинг илм-фанга бўлган қизиқиши, мустақил фикрлаши ва халқаро майдонларда ўз салоҳиятини намоён этиши муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, иқтисодий тафаккурни ривожлантириш, долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни таҳлил қилиш ва уларга илмий асосланган ечимлар таклиф этишга қаратилган танловлар ёшлар учун катта имконият яратмоқда.
Туманимиздаги 30-умумтаълим мактабининг 11-«А» синф ўқувчиси Абдумуталибова Зулайхо ана шундай халқаро миқёсдаги беллашувда муваффақиятли иштирок этиб, CAEP 2026 халқаро иқтисодиёт иншолари танловида «Honorable Mention» — фахрий эътирофга сазовор бўлди.
Марказий Осиё иқтисодиёти мукофоти — Central Asia Economics Prize (CAEP) доирасида ташкил этилган мазкур танлов 14–19 ёшли мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган бўлиб, унда турли мамлакатлардан ёшлар иштирок этиши мумкин. Танловнинг асосий мақсади — ёшларнинг иқтисодий билимларини мустаҳкамлаш, мустақил ва танқидий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, ишончли маълумотлар асосида хулоса чиқариш ҳамда Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий муаммо ва имкониятларини чуқурроқ англашга рағбатлантиришдир.
Иштирокчилардан иқтисодий масалаларга шунчаки муносабат билдириш эмас, балки далиллар, статистик маълумотлар ва таҳлилларга таянган ҳолда ўз нуқтаи назарини асослаш талаб этилади. Иншоларда меҳнат миграцияси, давлат дастурлари, бандлик, ижтимоий фаровонлик ва энергетика каби долзарб мавзулар қамраб олинган.
Танловнинг 2026 йилги илк мавсуми халқаро миқёсда ўтказилиб, унга 34 та мамлакат ва ҳудуддан жами 183 та иншо келиб тушган. Танлов жараёни онлайн тарзда ташкил этилган, натижалар эса 2026 йил 24 октябрь куни ўтказилган онлайн тақдирлаш маросимида эълон қилинган. Мазкур маълумотлар танловнинг расмий сайтида келтирилган.
Ана шундай кенг қамровли халқаро беллашувда Зулайхонинг ижодий иши эътироф этилгани унинг билимга интилиши, изланувчанлиги ва иқтисодий мавзуларга бўлган қизиқиши натижасидир. «Honorable Mention» эътирофи иштирокчининг иши танлов ҳакамлари томонидан алоҳида эътиборга лойиқ топилганини англатади.
Албатта, бундай ютуқлар замирида у ўқиётган мактаб жамоасида яратилган шарт-шароит ва ўқувчиларга сифатли билим беришга ҳаракат, устозлаор жонкуярлиги, ўқувчининг тинимсиз меҳнати, мутолаа, изланиш ва ўз устида ишлаш мужассам. Ёшларнинг халқаро танловларда иштирок этиши уларнинг дунёқарашини кенгайтиради, билим ва тажрибасини бойитади, келгусида таълим ва касб танлаш борасида янги мақсадлар сари интилишига туртки беради. Шу билан биргаликда тенгдошларини ҳам илғорликка чорлайди.
Зулайхонинг ушбу натижаси нафақат унинг оиласи ва устозлари, балки бутун Избоскан аҳли учун ҳам қувонарли воқеадир. Унинг муваффақияти тенгдошларига ибрат бўлиб, ёшларни илм олишга, янги ғоялар устида ишлашга ва ўз имкониятларини халқаро майдонларда синаб кўришга ундайди.
Зулайхони ушбу эътироф билан самимий муборакбод этамиз! Унга ва унинг устозларига келгуси ўқишларида, илмий ва ижодий изланишларида улкан зафарлар, янги халқаро ютуқлар ва ёрқин келажак тилаймиз.
Избосканлик ёшларнинг ҳар бир ютуғи — туманимиз фахри, шарафи!
М. Мирзаабдуллаев.
