Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ҚҚС занжири «узилмас» бўлди

Мамлакатнинг инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солиш мақсадида 2019 йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Бу ҳақда туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Асрорбек Мирзаев мухбиримиз Маҳаммаджон Мирзаабдуллаевга шундай дейди:

Мазкур ҳужжатга кўра 2019 йилнинг 1 августидан бош­лаб, ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишлари мумкин. Шу йилнинг 1 окт­ябридан эса бензин, дизель ёқилғиси ва газли ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларга сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъий назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар.
Товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни(ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъий назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланиши (бунда товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўйилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шартлиги) белгиланди.
Қуйидагилар бўйича қўшилган қиймат солиғидан имтиёзлар бекор қилинади(шу жумладан, улар импорт қилинганда ҳам);
-асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хом ашёси;
-соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хом ашё ва шакар хом ашёси;
-қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, матриаллар ва технологик асбоб-ускуналар;
-юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштириган маблағларида фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш.
Шунингдек, қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб ўзи ишлаб чиқарган қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотларига ва ўзбекистон Респуб­ликасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади.
2019 йил январь ойидан сентябрь ойгача 1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмаси(тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар ва белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. Бунда 2019 йил 1 октярдан бошлаб белгиланган пул айланмаси(тушуми) чегаравий даражасига етган ягона ер солиғи тўловчилар ушбу даражага эришилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади.
Пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади. Бунда уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлаган вақтда ҳақиқатда олинган ва пахта хом ашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар(иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари қисми бўйича қўшилган қиймат солиғидан имтиёзга эга бўлган юридик шахсларга имтиёздан воз кечиш тўғрисида хабарнома бериш асосида, ушбу хабарнома берилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳуқуқи берилади.
Шуни эслатиб ўтиш жоизки, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, улардан олинадиган ер ва ягона ер солиғининг тўлов муддатини 24 ойгача кечиктириш ваколати берилмоқда. Фақат мазкур солиқлар бўйича имтиёз бериш ҳуқуқини бекор қилган ҳолда. Тўлов муддатини кечиктиришни тақдим этишда солиқ қарздорлиги бўйича белгиланган пеня миқдоридаги фоизлар ундирилади.

Улашинг: