Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Қуёш тандирида етилди пахта

Пахта иссиқсевар ўсимлик. Бу йилги ёзнинг ўта иссиқ келиши ғўза парваришлаган деҳқон учун айни муддао бўлди.
Яхши ишлаган деҳқоннинг даласида ҳосил ҳар йилгидан мўл бўлди. “Йиллар давомидаги қолоқлик бу йил ювилади” дейишмоқда тажрибали пахтакорлар.

Далаларда пахта очилмоқда. Шунга яраша уни йиғиб-териб олишга тараддуд ҳам кўрилмоқда. Ҳосилнинг баракаси саккиз минг гектарга яқин майдондаги пахтани сифатли йиғиб-териб олишга боғлиқ. Бунинг учун тартибли иш ташкил этиш лозим.
Айни кунларда массивларда бу ишга масъул бўлганлар иштирокида тараддуд ишлари назоратдан ўтказилмоқда. Зеро, азалдан маҳалла аҳли бу умумхалқ ҳашаридан четда қолмаган.
Зеро йиғим-теримга ўқувчи ёшларни, ташкилот, муассасаларда ишловчиларни жалб қилиш ўтмишда қолди. Энди фақат фермер хўжалиги аъзолари, маҳалладан отрядлар ташкил қилиниб, пахтани ўзлари териб оладилар.
Бунинг учун массив, фермер хўжалиги раҳбарлари масъулияти оширилади. Дала шийпонларида дала меҳнаткашлари учун иссиқ овқат узликсизлиги таъминланади. Меҳнат муҳофазаси, уларнинг саломатлигига алоҳида эътибор берилади. Энг муҳими, теримчиларга иш ҳақи вақтида бериб борилади.
Йиғим-теримда қатнашаётган теримчиларга яратилаётган шароит, эътибор юқори ҳосил олишнинг бош омилидир.
Юқорида таъкидланганидек бу йил Избоскан далаларида ҳар йилгидан мўл ҳосил яратилди. Бу йил Избосканнинг пахтачиликдаги аввалги шуҳратини тиклайдиган йил. Шунинг учун йиғим-теримга пухта тайёргарлик кўриб, мавсумни муваффақиятли ўтказайлик.
«Избоскан оқ олтин жилоси» фермер хўжалигининг шийпонида бўлиб ўтган машваратда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р. Исматуллаев, туман ҳокими С. Исмоиловлар бу йилги мавсум масъулияти, йиғим-теримга тайёргарлик жараёни ҳақида сўз юритдилар, аниқ топшириқлар бердилар.

Р. МАҲМУДОВ

Улашинг: