Тадбиркорлик субъектининг кредиторлар талабларини қондиришга қурби етмаса, суднинг қарорига мувофиқ у ночор (банкрот) деб ҳисобланиши мумкин. Банкрот деб ҳисобланиши тадбиркорлик субъектининг тугатилишига олиб келади.
Қарздор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эга.
Бир ёки бир нечта кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш қарздорнинг бошқа кредиторлар олдидаги пул мажбуриятларини ёки солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажаришини имконсиз қилиб қўйишга олиб келадиган бўлса
қарздорнинг мол-мулкига қаратилган ундирув қарздорнинг хўжалик фаолиятини имконсиз қилиб қўйиши ёки бошқа кредиторлар талаблари қаноатлантирилмаслигига олиб келиши мумкин бўлса тадбиркорлик субъектининг раҳбари қарздорга нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза билан судга мурожаат этиши шарт:
Суд банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани иш юритишга қабул қилиб олган кундан эътиборан кредиторлар қарздорга ўз талабларини қаноатлантириш мақсадида якка тартибда мурожаат қилишга ҳақли эмас.
Банкротлик тўғрисидаги иш суд мажлисида банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинган кундан эътиборан 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак.
Суд томонидан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида қарор қабул қилиниши қарздор фаолиятини тугатишга доир иш юритишнинг бошланишига сабаб бўлади. Тадбиркорлик субъектини тугатишга доир иш юритиш муддати 12 ойдан ошиши мумкин эмас.
Тўловга қодир бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларнинг банкротлик механизмини шакллантириш миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим шартларидандир. Банкротлик таомили фақат бюджет ташкилотларигагина эмас, балки барча хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига ҳам татбиқ қилинади.
Банкротлик институти тўлов қобилиятини йўқотган қарздорларнинг тижорат фаолиятини тугатиш ва иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган хўжалик юритувчи субъектларга ўз фаолиятини қайта ташкил қилиб, тўлов қобилиятини тиклаш имкониятини беради. Бу ўз навбатида, иқтисодиётни соғломлаштиришга йўл очади.
Бу борада халқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак, илмий тадқиқотларда банкрот корхоналарни соғломлаштиришнинг турли чора-тадбирлари хусусида сўз боради.
Ўзбекистонда корхоналарни соғломлаштиришнинг санация усулидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Аслида санация, банкротлик каби институтлар бозор муносабатларига хос бўлган ва муайян шароитларда юзага келувчи иқтисодий жараён ҳисобланади.
Судгача санация иқтисодий судлар томонидан банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилмасдан олдин амалга оширилади. Суд санацияси эса, иқтисодий судлар томонидан қарздорнинг тўлаш имкониятларини тиклаш ҳамда кредиторлар олдидаги қарзини қоплаш мақсадида жорий этилади.
Шу ўринда «Банкротлик тўғрисида»ги қонуннинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаш зарур. Чунки ушбу қонун бозор иқтисодиёти шароитида хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида рўй берадиган иқтисодий ночорликни қонуний асосларда таҳлил қилиб берадиган ягона қонун ҳужжатдир.
«Банкротлик тўғрисида»ги қонуннинг 32-моддасида судгача санация чора-тадбирлари кўрсатилган. Бу таомилни суд санацияси жараёнида ҳам қўллаш мумкин.
Банкротлик жараёнидаги ушбу босқичнинг аҳамиятли томони шундаки, суд санациясини амалга ошириш орқали қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлашнинг олдини олиш мумкин.
Акс ҳолда, қарздорнинг хўжалик юритувчи субъект сифатида тугатилишига олиб келади.
А.АБДУРАИМОВ,
Андижон туманлараро иқтисодий суди судьяси




