Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Маърифат зиёси ва қадр топган умр

Маърифат зиёси ва қадр топган умр:

Избоскан туманининг 100 йиллик тўйига бағишланган китоб тақдимоти ва юбилей тантанаси

Инсон ҳаёти – ўзига хос бир китоб, унинг саҳифалари меҳнат, садоқат ва эзгулик ила ёзилади. Айниқса, бутун онли умрини маърифатга бахш этган фидойи инсонларнинг ҳаёт йўли барчамиз учун ибрат мактабидир. Избоскан туман ахборот-кутубхона маркази томонидан инсон ҳаёти ва меҳнатини қадрлаш, устозларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳамда Избоскан туманининг 100 йиллик тарихини кенг тарғиб этишга бағишланган «Маърифат зиёси ва қадр топган умр» номли маърифий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Устозга эҳтиром ва эзгу тилаклар

Тантанали кечада Избоскан туман ахборот-кутубхона маркази директори,  Низомиддин Бурхоновнинг 63 йиллик юбилейи муносабати билан самимий табриклар ва эзгу тилаклар билдирилди. Устознинг кўп йиллик фидойи меҳнат фаолияти, кутубхона соҳаси ривожига қўшаётган салмоқли ҳиссаси ҳамда жамоа билан ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари алоҳида эътироф этилди.

«100 йиллик шонли тарих» — олти йиллик изланишлар маҳсули

Тадбирнинг энг муҳим ва тарихий воқеаларидан бири — Избоскан тумани ташкил топганининг 100 йиллиги муносабати билан яратилган «100 йиллик шонли тарих» номли ҳудудий библиографик кўрсаткичнинг тақдимоти бўлди. Ватанимиз ичра ватан бўлган азиз Избоскан… Инсон учун туғилиб ўсган юртидан азизроқ маскан бўлмаса керак. Чунки инсоннинг илк қадами, илк орзуси, болалик хотиралари ва ҳаёт йўли унинг туғилиб ўсган замини билан боғлиқ.

2026 йил 29 сентябрь…Избоскан тумани ташкил топганига 100 йил тўлади. Бир аср… Бу шунчаки сана эмас. Бу — бир юртнинг кечмиши. Бу — минглаб инсонларнинг тақдири, машаққатли меҳнати, орзу-умидлари, илм-фан, маданият ва тараққиёт йўли мужассам бўлган улкан тарих. Избоскан заминида не-не авлодлар яшади, меҳнат қилди, из қолдирди. Бугун эса ана шу бир асрлик тарихга назар ташлар эканмиз, унинг ҳар бир саҳифасида инсон тақдири, меҳнати ва хотираси мужассамлигини ҳис этамиз. Ана шу хотирани асраш, ўрганиш ва келажак авлодга етказишда кутубхонанинг ўрни беқиёсдир. Избоскан туман ахборот-кутубхона маркази 2019- йилда ташкил топган бўлса,  биз — библиографлар — фаолиятимизнинг муҳим қисмини она юртимиз тарихини ўрганиш, унинг бой маданий ва маънавий меросини тарғиб этишга бағишлаб келмоқдамиз. Шу эзгу мақсад йўлида олиб борилган изланишларимиз самараси сифатида бугун сиз азиз меҳмонларга тақдим этилаётган китоб дунёга келди.

Избоскан туман ахборот-кутубхона маркази директори Н. Бурхонов мухаррирлигида Ахборот-библиография хизмати мутахассислари Ш. Мўйдинова ва Н. Отақўзиеваларнинг олти йиллик  изланишлари натижасида нашрдан чиқарилган мазкур “ 100 йиллик шонли тарих» китобида туманимизнинг бир асрлик босиб ўтган йўли, юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолияти, Избосканнинг бугунги қиёфаси ҳамда тарихий-библиографик аҳамиятга  маълумотлар жамланган. Ушбу ноёб нашр туман тарихини янада чуқур ўрганиш, маҳаллий тарихга oид маълумотларни  асраб- авайлаш  ва келгуси авлодларга етказишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Тантанали тадбирда туман ҳокимлиги вакиллари, кутубхона соҳасида кўп йиллар меҳнат қилган фахрий устозлар, хамкор ташкилотлардан вакиллари иштирок этдилар. Шу тариқа, бир даврада икки муҳим сана — устознинг 63 йиллик юбилейи ҳамда Избоскан туманининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилган китоб тақдимоти барчада унутилмас таассурот қолдирди.

Улашинг: