Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Бошланғич синфларда синфдан ташқари ўқишнинг аҳамияти

Ўқувчиларни китобга бўлган қизиқишларини кучайтиришда, уларнинг онгини ошириш, дунёқарашини шакллантиришда, билимларини кенгайтириш ва ва мустаҳкамлашда синфдан ташқари ўқув дарсларининг ўзига яраша аҳамияти бор.

Бундай дарсларда эртак, топишмоқ, ўқувчиларнинг ёшига монанд шеърларнинг алоҳида ўрни мавжудки, биз ундан унумли фойдаланмоғимиз керак. Эртак­лардаги яхшилик доимо ёмонлик устидан ғолиб бўлиши, саҳийлик, ботирлик, қўрқоқлик каби ранг-баранг воқеалар ўқувчиларни ўзига тортади. Эртак қаҳрамонлари улар хаёлида гавдаланади. Эртак қаҳрамонларининг ўрнида ўзларини кўришлик уларни яхшиликни, мардликни, инсонийлик, табиатга, она-Ватанга меҳр-муҳаб­бат каби яхши хислатларни ўзида мужассам қилиш, ёмонликдан нафратланиш хиссиётларини уйғотади. Бундан ташқари эртакларни қизиқиб ўқиш ўқувчиларнинг нутқи ривожланишига сабаб бўлади, оқ билан қорани ажратишга ўргатади, тасаввури бойиб боради.
Синфдан ташқари ўқув дарсларида топишмоқ ва шеърлардан фойдаланиш ҳам яхши натижалар беради. Топишмоқларнинг жавобларини топишда ўқувчилар ўйлашни, изланишни, мустақил фикрларини айта олишга ўрганадилар. Бу дарсларда ўзбек халқ эртаклари, халқ оғзаки ижоди, Дилшод Ражаб, Худойберди Тўхтабоев, Пўлат Мўмин, Зафар Диёр, Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджон каби шоир ва ёзувчиларнинг асарларидан фойдаланиш ижобий самара беради.
Ўқувчиларни китобга дўст, ошно қилишда мактаб кутубхонасининг, синф кутубхонасининг роли беқиёс. У ердан олиб ўқилган китоблар орқали ўқувчилар бир-бирлари билан фикрлашадилар, ўртоқлашадилар. Китобни авайлаб асрашни ўрганадилар. Бу ишларда албатта ўқитувчининг билимлиги, ўз устида ишлаши, болаларга таълим ва тарбия беришда инновацион ғоялардан фойдаланиши қўл келади.

Гулнорахон Акбарова,
22-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси.

Муаллиф ҳақида: У бу билим даргоҳида бир неча йиллардан буён бошланғич синфларда дарс бериб келади. 2019 йилда мактабда ўтказилган устоз шоир Миртемирнинг «Уйғон» шеъри мавзусидаги очиқ дарси туман миқёсида оммалаштиришга тавсия қилинган. Яқинда ўтказилган «Қиш бўлмасин» мавзусидаги очиқ дарси қатнашчилар томонидан муносиб баҳоланди.

Улашинг: