Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Баракали пилла хирмони

Туманимиздаги фермер хўжаликларида фаолият олиб бораётган пиллакорларимиз жорий йил ҳосили учун жами 3925 қутида Хитойнинг “хориж” навли ипак қуртини парваришладилар.

Айни дамда “кумуш тола” ҳосилини йиғиштириб олишга қизғин киришилмоқда. Давлат хирмонига жами 216 тонна пилла етказиб беришни режалаштирган пиллакорларимиз Избоскан “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти хирмонига баракали ва сифатли пилла ҳосилини пешма-пеш етказиб бермоқдалар.
Гуркиров массивига қарашли Иҳволиддин Ғоппоров раҳбарлик қилаётган “Мард ўғлон замини” фермер хўжалиги пиллакорлари ўтган 2019 йилда ҳар бир қути ипак қуртидан 60 килодан ҳосил олиб давлат режасини уддалаган эдилар. Муваффақиятлардан руҳланган малакали пиллакорлар жорий 2020 йил мавсумида ҳар қути ипак қуртидан 75 кг дан “кумуш тола” олиб,туманда биринчилардан бўлиб ўз олдиларига қўйган марраларни ишонч билан адо этиб, давлат режасини 139 фоизга уддаладилар.
—Нозик ва масъулиятли пиллачилик мавсумида йилдан йилга, босқичма-босқич ўз тажриба, малакаларини ошириб бораётган пиллакорларимиз ипак қуртидан юқори ҳосил олишга эришмоқдалар,—дейди фермер Иҳволиддин Ғоппоров.

М. РУСТАМОВ.

Суратда: Избоскан массиви бош пиллакори «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси Мукаррамхон Қурбонова (ўртада) Избоскан «Агропилла» МЧЖ ходимлари Рўзихон Каримова ва Маҳмудахон Каримовалар билан.

Улашинг: