Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Мактабгача таълим: Пандемия ҳалал беролмайди

1 июнь—Халкаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳар йили туманимизда кўтаринки кайфиятда нишонланади. Юртимизда коронавирус пандемиясининг кириб келиши бу тадбирни кўтаринки кайфиятда ўтказилишига тўсқинлик қила олмайди. Муҳтарам Президентимиз томонидан 2019 йил 19 март куни Республика видеоселектор йиғилишида “Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш” мавзусидаги маърузасида белгилаб берган 5 та муҳим ташаб­бус доирасида туман мактабгача таълим бўлими томонидан белгиланган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Ҳозирда “УЙДА ҚОЛИНГ” шиори остида ўтказилаётган оммавий тадбирлар иштирокчиси сифатида уйларида қолиб, ОНЛАЙН машғулот­ларини давом эттираётган болажонларимиз учун “Болаларга беринг дунёни!” мавзусида бир неча тадбирлар амалга оширилмоқда. Тадбирлар доирасида “Мен катта бўлсам…” мавзусида 5-6 ёшли болалар ўртасида асфальтга расм чизиш танлови, болаларда актёрлик маҳоратларини шакллантириш мақсадида “Бор эканда йўқ экан” мавзусида эртак қаҳрамонлари образлари яратиш, спортга бўлган муҳаббатларини ошириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини ривожлантириш “Биз соғлом болалармиз!” мавзусида спорт мусобақаларини ўтказиш, “Биз бахтиёр болалармиз!” мавзусида рақс ва қўшиқлар танловлари эълон қилинган. Тарбияланувчилар ўз уйларида ота-оналари ёрдамида танловларда фаол иштирок этмоқдалар. Ҳозирда ушбу танловларни саралаш босқичи бўлиб ўтмоқда. 1 июнь–Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни танловнинг якуний босқичи бўлиб ўтади.
Фаолият юритиб келаётган мактабгача таълим ташкилотларида кадрлар салоҳиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017 йил ҳолатига ташкилотларда фаолият юритиб келаётган олий маълумотли кадрлар 44 нафарни (0.09%) ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 234 нафарни (34%) ташкил этмоқда. Бу эса мактабгача таълим ташкилотларимизда таълим-тарбия сифати ўсиши билан бирга мактабгача таълимга бўлган ота-оналар талабларининг ортишига олиб келди. 2017 йил мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг атиги 4433 нафарини (28.4%) қамраб олишга эришилган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 10857 нафарни (54.1 %) ташкил этмоқда.
Муҳтарам Президентимиз томонидан мактабгача таълим тизимига қўйилаётган талаблардан келиб чиқиб, туман мактабгача таълим бўлими 2020 йилда болалар қамровини 70% га кўтаришни режа қилиб белгилаб олган. Янги оилавий мактабгача таълим ташкилотларини очиш, давлат хусусий-шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, фаолият юритиб келаётган мактабгача таълим ташкилотлар гуруҳларини тўлдириш ҳисобига 3755 нафар бола қамраб олинишига ҳамда 204 нафар мактабгача таълим мутахассислигига эга бўлган кадрларни иш билан таъминлашга эришилади. Фаолиятимизга албатта пандемия ҳалақит беролмайди. Биз кўзланган натижаларга эришиш учун бор имкониятлардан самарали фойдаланамиз.

Назирахон ҚОБУЛОВА,
туман мактабгача таълим бўлими мудири

Улашинг: