Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Аср ёшига бўйлашаётган газета

Избоскан тумани ҳокимлиги муассислигидаги «Пахтакор» газетасининг нашр этила бошлаганига 91 йил бўлмоқда. Тарих зарварақларига «Социализм байроғи», «Пахта фронти», «Большевик», «Коммунист» номлари билан ёзилган газетамизнинг шу кунгача босиб ўтган йўли шонли воқеаларга тўла.

«Пахтакор» газетасига узоқ йиллар муҳаррирлик қилган домла Махаммаджон Ўролов, масъул котиб бўлиб ишлаган Абдусалом Солиев, «Пахтаобод» ва «Пахтакор» газеталарида ижоди гуллаб яшнаган, журналистларга бош бўлган Абдуллажон Комиловларнинг қаламларига мансуб бўлган туманимиз тарихи китоблари манбаларида келтирилишича 1929 йилда туманда ўзбек тилида «Социализм байроғи» номи остида, кейинчалик «Большевик» номини олган газета ташкил этилган. Унинг биринчи мухаррири Тўйчибой Ҳолмуҳаммедов бўлган. Кейинчалик «Пахта фронти», «Коммунист» номлари билан чоп этила бошлаган. Кейинчалик «Пахтакор» номини олган газета шу кунларда ҳам ана шу ном билан газетхонлар қўлига етиб бормоқда.
Газета тарихига назар солар эканмиз унга Муталлибжон Усмонов, Иброхимжон Набихўжаев, Иброхимжон Турғунов, Ваҳобжон Дадабоев, Мизробжон Орипов, Владимир Гайнулин, Иброхимжон Юсупов, Махаммаджон Ўролов, Жўрабек Мамажонов, Абдулғани Даминов, Зокиржон Юнусов­ларнинг маълум вақтлар муҳаррирлик қилганларига гувоҳ бўламиз. Улар раҳбарлигида газета сифати яхшиланди, тайёрланаётган материаллар ранг-баранглиги, ҳаётийлиги ортди. Йиллар давомидаги авлодлар алмашинувида тахририятга кўплаб хассос журналистлар кириб келди. Қамчибек Кенжа, Абдуваҳоб Нурматов, Ҳотамжон Жўраев, Абдусаттор Абдуллаев, Йўлдошмирза Исоқжонов, Қўлдошбой Хожиматов, Турғунбой Шаропов, Обидахон Йўлдошева, Ҳалимжон Тоҳиров ва бошқа қалам соҳиблари газетада ўз ижодларини синадилар. Шу йилларда тахририят туман, вилоят партия ҳамда ижроия қўмиталарида иш юрита оладиган, ҳар бир соҳани биладиган етук, билимдон кадрлар ўчоғига айланди ва бу ерда тобланиб чиққан кадрлар масъул лавозимларда барчага ибрат кўрсатиб меҳнат қилдилар ва ҳозирда ҳам ишламоқдалар. Хомиджон Турғунов, Иброҳимжон Юсупов, Абдуллажон Комилов, Жўрабек Мамажонов, Қамчибек Кенжа, Ваҳобжон Дадабоев, Абдуваҳоб Нурматовлар газетада ишлаб тажриба орттиргандилар. Тажрибали ва устоз журналист, шогирдлари вилоят ва респуб­лика миқёсидаги нашрларда ишлаётган, ҳозирда ҳам фаолият юритаётган Йўлдошмирза Исоқжоновнинг матбуот соҳасидаги ютуқлари эътироф этилиб, у «Олтин қалам» соҳиби бўлди. Маҳаммаджон Мирзаабдуллаев илк бор ташкил этилган «Мустақил Ўзбекистон журналистлари» китобига киритилди.
2000 йилда газетада яна бир қувонарли ўзгариш бўлди. Вилоят нашрлари орасида биринчилардан бўлиб газета тўла компьютерлашган тизимга ўтди.
Иккинчи Жаҳон уруши йилларида ҳам нашри тўхтамаган газетада бугунги кунда Маҳаммаджон Мирзаабдуллаев бошчилигида туман аҳли қалбидан жой олган Йўлдош Исоқжонов, Маҳмуджон Рустамов, Гулсора Болтабоевалар ижод қилмоқдалар. Компьютер оператори Шерали Исмонов газетанинг сифатли чиқишида жон куйдираётган бўлса, бош ҳисобчи Ойистахон Исломова тахририятнинг моддий техник базаси мустаҳкамланишига самарали ҳиссасини қўшмоқда. Бугунги кунда газета давр билан ҳамнафас бўлишга ҳаракат қилмоқда. Муштарийларимиз туманимизда олиб борилаётган бун­ёдкорлик ишларини, қишлоқ хўжалигидаги ажойиб ўзгаришларни, Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамасининг қабул қилган қарор ва фармонлари ижросини, ёшлар, хотин-қизларимизга, тадбиркорларга яратилиб берилаётган шарт-шароитларни ҳамда бошқа муҳим хабарларни нафақат газета саҳифаларида балки «Пахтакор»нинг «Paxtakor»29.uz» сайтида, «Telegram», «Facebook»даги «Пахтакор», «Избоскан ёғдуси» каналларида ҳам мунтазам ўқиб бориш имконига эга бўлдилар. Бундай янгиликларни ҳаётга татбиқ этиш ишлари тахририятда жадал олиб борилаётир.
«Пахтакор» газетасининг 8063-8064- сони қўлингизда. Унга назар солишингизнинг ўзиёқ Сизнинг туманимиз юзи бўлган, туман ҳокимлиги муассиси бўлган нашрга бефарқ эмаслигингизни, журналистлар билан ҳар доим биргалигингизни билдиради. Газетамизда босилган мақолаларни ўқир экансиз ижодкорларнинг меҳнатларига баҳо берасиз, озми, кўпми ўз фикрингизни билдирасиз. Ўз иш тажрибаларингизни ўртоқлашасиз. Сизнинг бир оғиз сўзингиз бизга янада янги куч, илҳом бағиш­лайди. Сизларнинг қувончу ташвишларингизга ошно бўлишга, муаммоларингиз ечими топилишига ёрдам бергани ошиқамиз. Бу жараён эса 1929 йилдан буён, газета илк бор дунё юзини кўрган кундан давом этмоқда ва бу яна узоқ йиллар давом этади. Биз эса Сиз муштарийларимизни аср ёши сари бўйлашаётган газетамизнинг 91 ёши ҳамда Матбуот ва омм­мавий ахборот воситалари куни билан чин юракдан қутлаб, барчангизга соғлик-саломатлик, оилавий бахт-саодат, дастурхонингизга қут-барака, бунёдкорлик ишларингизга муваффақиятлар тилаймиз!.Осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

«Пахтакор»чилар

Улашинг: