Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Судлар фаолияти такомиллаштирилди

Юртимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Шу билан бирга, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар Фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 24 июлдаги ПФ-6034-сон Фармони қабул қилинди.

Фармоннинг асосий мақсади фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтиришдир.

Фармоннинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталадиган бўлсак, 2021 йил 1 январдан:

ишларни назорат тартибида кўриш институти тугатилади;

жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлашда қарорларни тортишув тамойили асосида тарафлар иштирокида қабул қилиш тартиби белгиланади, дастлабки эшитув босқичи киритилади.

2021 йил 1 январдан қуйидаги тартиблар жорий қилинади:

туманлараро, туман (шаҳар) судининг қарорини вилоят ва унга тенглаштирилган суд томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган суднинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорини Олий суднинг судлов ҳайъати томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

апелляция тартибида кўрилган суд қарорини Олий суднинг судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят иши тугатилади.

Прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳужжатлари бўйича ишлар тарафлар мурожаати мавжуд бўлгандагина суддан чақириб олиб ўрганилади.

Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби тузилади. Судлов таркиби 20 млн АҚШ долларидан ортиқ миқдорда инвестицияни амалга оширган инвесторлар ва давлат органлари ўртасидаги низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўради.

Қолган турдаги инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади.

Олий суд тузилмасида қуйидагилар ташкил қилинади:

  • Олий суд аппарати раҳбари лавозими;
  • Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси;
  • Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида эса матбуот хизматлари ташкил этилади.

Суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилади.

Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади (маъмурий судлар сақлаб қолинади);

Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриш жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади;

Туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади;

Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўрувчи туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади;

Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқи берилади.

2020 йил 1 ноябрга қадар янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Президентимизнинг ушбу тарихий Фармонида белгиланган муҳим вазифалар моҳият-эътибори билан кафолатли суд ҳимоясини таъминлаш борасидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қи­лишга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, суд органларининг амалдаги тузилмасини замон талаблари ва халқаро стан­дарт­ларга уйғунлаштиришга хизмат қилади.

 

                                                               Икболжон Аскаров

Андижон вилоят иқтисодий

судининг бўлим бошлиғи

Улашинг: