Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ҚАЛБАКИ ДОЛЛАР ИШИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ

Б.К. бошқа шахс билан олдиндан жиноий тил бириктириб, кўп миқдордаги қалбаки чет эл валютасини ўтказиш мақсадида фуқаро М.А.дан ўтказиш учун олган янги намунадаги ҳар бир қалбаки АҚШ долларини харидор Ж.М.га сотишга келишади.
Бироқ Б.К.нинг уддабуронлиги, енгил йўл билан бойлик орттириш мақсади амалга ошмади. Б.К. 2020 йил 10 май куни Олтинкўл тумани, Садда МФЙ ҳудудидаги Андижон халқа йўлидан кесиб ўтувчи “Майрамхон” канали бўйида холис харидор Ж.М.га янги намунадаги 7.900 қалбаки АҚШ долларини ўтказган вақтида иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Андижон вилоят бошқармаси ҳамда ДХХ Андижон вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан ушланди.
Андижон вилоят ИИБ ЭКБ ашёвий далил тариқасида олинган 79 дона 100 купюрали турли ҳилдаги серия ва рақамли жами 7.900 қалбаки АҚШ доллари, АҚШ миллий валютасини ишлаб чиқарувчи фабрикасида қўлланиладиган усулда эмас, балки бошқа типографик усулларни қўллаш йўли билан чоп этилганлиги ўз хулосасида кўрсатиб берди.
Дастлабки суриштирув давомида Б.К. айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, “Анд-транс” МЧЖга қарашли аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатиш уюшмасида ҳайдовчи вазифасида ишлаб келишини билдирди. 2019 йилнинг бошларида Қўрғонтепа туманида яшовчи М.А. билан Андижон шаҳридаги Қўшариқ даҳаси ҳудудида у автомашинасига чиққан вақтида танишиб қолиб, у билан ўзаро тез-тез телефон орқали гаплашиб туришганини, асосан М.А.нинг ўзи унга телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўраб тургани, унга “54” товар-моддий бойликлар, кийим-кечаклар, телевизорлар керак бўлса, танишлари ноқонуний тарзда ташиб беришлари мумкинлигини кўп маротаба айтиб келгани баён қилди.
М.А. билан Андижон шаҳридаги Қўшариқ даҳасида яна кўришганида, у қалбаки АҚШ долларини бирорта харидорга ўтказишда ёрдам беришини, агар харидор топса, унга ҳам пулнинг маълум бир қисмини беришини айтганида у таниши Ж.М.га бу ҳақда айтган. Ж.М. қалбаки АҚШ долларига харидор борлигини маълум қилди.
Лекин уларнинг қора ниятлари амалга ошмади. Тезкор тадбир давомида Б. К. ўша ердан оқиб ўтган “Марямхон” каналига ўзини ташлаб юбориб, қўлидаги қалбаки АҚШ долларини сувга оқизвориб, жазодан қутулиб қолмоқчи бўлди. Лекин унинг бу уринишлари зое кетди. Барибир қинғир ишлари ошкор бўлди ва қилмишига яраша жазо олди.

М.А.Хидиров,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Избоскан туман бўлими бошлиғи.

Улашинг: