Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ҲАР БИР ИШДА ҲАМНАФАС

(ўнгдан) Азизбек Ахунов молбоқар Ҳолмурод Қулматов билан.

Туманимизда ўз меҳнат фаолиятлари давомида, касби, тажрибаси орқали обрў – эътибор топган меҳнат фаҳрийларидан бири Тўланбой Ахуновдир. У илгари туман машина – трактор паркининг раҳбари, собиқ “Чўнбоғиш”, “Мустақиллик” жамоа ҳўжаликлари раиси сифатида ҳамда вилоят ташкилотларида ҳам раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилган.

У ўз меҳнати фаолияти давомида оилада ҳам фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратди. Шундан бўлса керак, укаси Улуғбек, ўғли Азизбек ҳам Тўланбой акадек эл — юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб етишди. Ҳозирда туманда фаолият юритаётган “Чўнбоғиш элита”фермер ҳўжалигига унинг укаси Улуғбек Ахунов раҳбарлик қилиб келмоқда.
Фермер хўжалиги жами 164 гектар ерда деҳқончилик қилиб, пахта – ғалла йўналишларида катта – катта ютуқларга эришиб келмоқда. Бу ҳар ишда бир –бирлари билан яқиндан ёндашиб, ҳамнафас бўлиб келаётган Улуғбек ва Азизбекларнинг аҳиллиги, ҳар бир ишни бамаслаҳат амалга ошираётганларидандир. Дала майдонларидаги 80 гектар ер майдонидаги буғдой экини парвариши, жорий йил пахта ҳосили учун экиладиган чигит экиш мавсуми Улуғбекка катта маъсулият юклайди. Фермер ҳўжалигида йўлга қўйилган чорвачилик, парандачилик, қўйларнинг парваришлаш ишларини Азизбек ўз зиммасига олган. Ҳозирги кунда чорвачиликда жами 54 бош қорамол, шундан 28 бош сигир парваришланаяпти. Чорвадан олинаётган сут ва гўшт маҳсулотлари фермер ҳўжалигида фаолият олиб бораётган аъзолар эҳтиёжини қоплаш билан бирга шартнома асосида бошқа корхоналарга етказиб берилмоқда. Боқилаётган 150 та товуқ ва 40 бош қўйларни парваришлаб, келажакда бу соҳаларнинг ривожини кўзлаётган икки тадбиркор дои­мо ҳамжиҳат. Улуғбек ва Азизбек яна бир ишга қўл уришди. Албатта, ҳар бир иш олдидан чуқур мулоҳаза қилиб, Тўланбой ака билан маслаҳатлашиб, унинг дуоларини олиши, режаларини амалга ошишида қўл келмоқда. Жорий йилда 5 гектар ерда боғ яратиш мақсадида, улар олма,анор, нок, гилос, анжир каби мевали кўчатлардан иборат минглаб ниҳолларни экиш учун шай ҳолатга келтирдилар. Ортиб қолган мевали кўчатлар аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун режалаштирилган. Маҳалла аҳли амаки, жиянлар бўлган Улуғбек ва Азизбекларни олиб бораётган ишларидан мамнун. Улар ғалла ўриш учун “КЛАСС” комбайни, катта қувватга эга “ОРИОН” ҳайдов трактори сотиб олдилар. Ғўза қатор ораларига ишлов берувчи ва транспорт техникаларининг сонини 8 тага етказишди. Шу билан бир қаторда улар,аҳоли манфаатларини кўзлаган ҳолда “Ота йўл” маркали автобусни ҳам сотиб олдилар. Автобус маҳалладошларнинг тўй – маросимларида хизмат қилиш билан бирга маҳалла оқсоқолларини жума кунларида жомъе масжидига беминнат бориб келишларида қўл келмоқда.
Жорий 2021 йил мавсумида уларни маъсулиятли онлар кутиб турибди. Туманимизда илк бор қўлланилаётган томчилатиб суғориш ҳамда 18 – 30 ёшгача булган ёшлар билан ҳамжихатликда иш олиб боришларида Улуғбек ва Азизбекларга келажакда куч – қувват, соғлик-cаломатлик тилаб қоламиз.

М.Рустамов

Суратларда: Азизбек Ахунов ва фермер ҳўжалиги ҳисобчиси Ҳабибулло Ҳолиқов иш устида. 

Улашинг: