Мана, 25 йил бўлибдики, Нодирахон Омонбоева Туман фуқаролар ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимида биринчи тоифали инспектор бўлиб, сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда.
У ўзи туғилган ҳозирги Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 18-умумтаълим мактабини олтин медалга битиргандан сўнг, ҳужжатларини Тошкент давлат ҳуқуқшунослик техникумига топширди. Ўз билими, ҳаракатлари, билимга чанқоқлиги, ҳамкурсларига меҳрибонлиги, жамоат ишларида фаоллиги билан устозлари эътиборини қозонди. Уларнинг берган таълими, маслаҳатларига қулоқ тутди, билмаганларини, тушунмаганларини сўраб ўрганишдан тўхтамади. Бу ўз натижасини берди. 1996 йили билим масканини имтиёзли диплом билан тамомлади. Шу йилдан бошлаб Нодирахон туман фуқаролар ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига ишга кирди. Ўз касбига бўлган меҳри, муҳаббати унга кўплаб муваффақиятлар, обрў-эътибор олиб келди. Меҳнатлари муносиб тақдирланиб, туман, вилоят бошқармаси томонидан таъсис этилган фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги кўкрак нишонига сазовор бўлди.
Нодирахон ишда фаол ҳамда оилада меҳрибон она, севикли ёр. Турмуш ўртоғи Маҳмуджон Азимов билан 2 ўғил, 2 қизни тарбиялаб вояга етказмоқда. Маҳмуджон Андижон вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Избоскан тумани филиалининг нотурар бўлим бошлиғи вазифасида ишламоқда. Нодирахон болажонларни чин дилдан яхши кўриши, фарзандлари ҳам келажакда ўзлари каби Ватанига содиқ, эл-юрт равнақи учун муносиб инсонлар бўлиб вояга етишини истайди. Нафақат фарзандлари, балки маҳалладаги болажонларни ҳам яхши шароитларда тарбияланишларига ҳисса қўшишни орзу қилиб турмуш ўртоғи билан савобли ишга қўл урди. Оналари Тиллахон аянинг дуосини олишиб, Нодирахон ва Маҳмуджонлар Бўстон маҳалла фуқаролар йиғинида 50 ўринли “Робия кўзмунчоқ” дея номланган нодавлат, оилавий мактабгача таълим муассасини ташкил этдилар. Нодирахонга «болажон аёл» дея бекорга таъриф бермадик. Муассада тарбияланаётган кам таъминланган оила фарзандлари ҳамда 2 нафар ногирон болажон учун бадал тўловларини ўз зиммасига олди. Нодирахон Омонбоева билан суҳбатимиз давомида сўзларидан, ўз касбини танлаб адашмагани, қолаверса бахтли оила бекаси бўлганлигидан мамнун эканлигини ҳис этдик.
Биз Нодирахонни 8–март Халқаро Хотин – қизлар байрами билан табриклар эканмиз, унинг оиласига бахт–саодат, келгуси ишларига чексиз муваффақиятлар тилаймиз. Нодирахондай кўнгли тоза, қалби пок болажон хотин-қизларимиз сафи кенгаяверсин, деймиз.
М.Рустамов.
Суратда: Нодирахон Омонбоева.