Тумандаги Қўғай маҳалла фуқаролар йиғинидаги 38–мактабгача таълим ташкилотига ўтган 2020 йилнинг июнь ойидан бошлаб Гулбаҳор Абдуллаева мудира этиб тайинланди. COVID–19 пандемияси туфайли юртимизда карантин даври эълон қилинган бўлсада, Гулбаҳорнинг бу ерда иш бошлаши ўзгача тус олди. 2020 йил пандемия даврида Республика Вазирлар Маҳкамаси Раёсати йиғилиши баённомасига асосан инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағи ҳисобидан 38–мактабгача таълим ташкилоти қайта реконструкция қилинди.
Жами 3 миллиард 676 миллион сўм маблағ эвазига “Элнур Шамс” маъсулияти чекланган жамиятининг бунёдкорлари томонидан янги бино бунёд этилди. 2020 йил декабрь ойидан ишга тушган 150 ўринли 38-МТТида ҳозирда 6 та гуруҳда 180 нафар, шундан 4 та қисқа муддатли гуруҳларда 120 нафар кичкинтойлар тарбияланмоқда. Замонавий кўрининишдаги, барча қулайликларга эга мактабгача ташкилотда иш олиб бораётган Гулбаҳор Абдуллаева билан яқиндан танишдик. Гулбаҳор Гуркиров маҳалласида туғилган. У маҳалладаги 27 – умумтаълим мактабида таълим олиб, 2003 йилдан Андижон давлат тиллар педагогика институтига ўқишга кирди. Инглиз тили факультетини тамомлагач, у Пахтаобод ва Андижон туманларидаги касб – ҳунар коллежларида ёшларга инглиз тилидан таълим бера бошлади. 2015 йилдан бошлаб, Пахтаобод туманидаги 7 – мактабгача таълим ташкилоти мудири сифатида иш фаолиятини давом эттирди. Ёш бўлсада, катта тажрибага эга бўлган педагог янги барпо этилган мактабгача таълим ташкилотида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
Мактабгача таълим ташкилотида 15 нафар тарбиячилар фаолият олиб бормоқда. Тарбияланувчиларга инглиз тилидан Муаззамхон Худойберганова сифатли таълим беришга ҳаракат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари тошириқларига асосан мактабгача таълим ташкилотида болажонларни қулай шароитларда, мазмунли ва сифатли тарбияланишлари учун маънавият-маърифат хоналари ташкил этилган. Шу билан бирга ҳафтанинг 5 куни “Соғломлаштириш ва тўғри овқатланиш”,”Маънавият ва маърифат”, “Соғ танда,соғлом ақл”, “Миллий қадриятларимиз”, “Инглиз тилини ўрганамиз” каби шиорлар остида белгилаб олинган.
Гулбаҳор Абдуллаева ўз касби устида изланиб, болалар тарбияси бўйича бир қатор мақолалари билан ҳалқаро конференцияларда иштирок этди ва тегишли сертификатлар эгаси бўлди. Унинг “Мактабгача таълим ташкилотларида тарбиячилар фаолиятини ташкил этишнинг замонавий услублари” мавзули рисоласи Республика илмий – онлайн конференцияси материаллар тўпламида чоп этилди. 2021 йилда эса “Методик тавсиялар” номли китоби нашрга берилди. Тажрибали педагог Гулбаҳор Абдуллаева оилада 1 қиз, 2 ўғилнинг онаси. Турмуш ўртоғи Қудратбек тадбиркорлик соҳасида иш олиб боради. Биз Гулбаҳорни баҳор байрами билан табриклаб, болажонларимизни тарбиялашдаги изланишларида улкан мувафақиятлар ёр бўлишини, доимо соғлик- саломатлик, оилавий бахт тилаб қоламиз.
Суратда: Гулбаҳор Абдуллаева ҳамкасблари билан.