Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ЭЪЗОЗДАГИ УСТОЗ

Ўқувчиларнинг мактабда ҳар томонлама сифатли билим олишлари учун, аввало мукаммал билимли, изланувчан, шу кун талабларига жавоб берадиган, янгиликларга ўч ўқитувчилар зарур. 14- умумтаълим мактаби директори Муҳаббатхон Шерматова ҳам шу даражага етиб келгунича анча ҳаёт сўқмоқларини босиб ўтди.
У мактабни битиргач, саноат политехникумига ўқишга кирди. 1990-1995 йилларда 29-ўрта ҳунар техника билим юртида талабаларга меҳнат фанидан дарс ўтди 1997 йилдан Майгир қишлоғидаги 47-умумий ўрта таълим мактабида фаолиятини давом эттирди. Ўз касбига меҳри ортиб бориб, устози Ғуломжон ака Усмоновнинг –Ўқитувчилик касбини мукаммал эгаллаш учун кўпроқ билимга эга бўлиш керак, деган ўгитларига асосан Андижон Давлат Университетини сиртқи бўлимига ўқишга кирди. Университетда ўқиш билан бирга мактабда маънавий-марифий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлади.
2006 йили мактаб директорлигини унга ишониб топширдилар. Кейинроқ эса уни 14- умумтаълим мактабига ўтказдилар. Мактабда сифатли таълим беришга шароитлар етишмаслиги туфайли Муҳаббатхон кўп марта юқори ташкилотларга мурожаат этди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан эски мактаб ўрнида 2009 йилда давлат дастури асосида 2 қаватли янги лойиҳадаги мактаб бунёд этилди.
У билан суҳбатимиз давомида, тез-тез унинг телефони жиринглаб қолар ва кайфияти кўтариларди. Шу куни уни шогирдлари — Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Жавлонбек Эргашев, Вилоят Агросуғурта бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи Нозимжон Эргашев ва бошқалар 8-март Ҳалқаро хотин-қизлар куни муносабати билан табриклашиб, уларга берган сабоқлари учун миннатдорчилик билдирдилар. Бундай шарафга ва эъзозга албатта ўз меҳнатлари билан сазовор бўлганидан бахтлилиги унинг юзлари ва сўзларида яққол акс этди.
Шундай устозлар борлигидан, шарафли касбларини эъзозлаётган хотин-қизларимиз борлигидан биз ҳам фахрландик. Байрамингиз муборак бўлсин, Муҳаббатхон!
М. Деҳқонов
Суратда: Муҳаббатхон Шерматова ҳамкасблари билан.

Улашинг: