Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Байрам тадбирларини кўнгилдагидек нишонлайлик!

Юртимизда янгиланиш ва бахор айёми бўлган “Наврўз” умумхалқ байрами ҳам яқинлашиб келмоқда. Бу эса ўз ўрнида байрамга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш мобайнида тезкор вазиятни барқарорлаштириш, фавқулодда ходисаларни олдини олишни талаб қилади.

Халқимизнинг энг қадимий байрамларидан бўлган “Наврўз” умумхалқ  байрами  нишонланиши,  узоқ кутилган байрамона, бахорий таомларни тайёрлаш жараёнларида фуқароларни айниқса аёлларимиз, момо ва бувиларимиз зиммасига катта масъулият юклайди.

Наврўз айёмининг асосий таоми бўлган, кўп мехнатлар эвазига мазали ва фойдали бўлиб пишадиган сумалак ҳамда халимни тайёрлаш жараёнларида, ўчоқ қозонларни жойлаштиришда, ер ўчоқлар кавлашда энг аввало ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиш лозим. Яъни, ўчоқ-қозонни ёғоч конструкцияли навеслар  остига, кўп миқдорда қуруқ ўтин, ғўзапоя ғарамларига, турли босимларга эга газ қувурларига яқин жойлаштирмаслик, оловни  ва фойдаланилаётган ёқилғи қаттиқ ўтин ёки табиий газни назорат қилиб боришлик, ёқилғи сифатида тез  алангаланувчан керосин, бензин, солярка, дизель, газ конденсанти (газолин) ёқилғиси каби турли ёқилғилардан фойдаланмаслик,  имкон қадар  суюлтирилган  газ баллонлари ва ер ўчоқлардан фойдаланмаслик, ўчоқларда ёнаётган олов атрофига болаларни яқинлаштирмаслик ва уларни эътиборсиз қолдирмасликни сўраймиз.

Шунингдек, “Наврўз” умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ҳамда бахорги ободонлаштириш ишларида тўпланган хашак ва чиқиндиларни дарахтлар, электр симлари, тез алангаланувчи буюмлар, навесларга яқин ва белгиланмаган жойларда ёқиш табиатга зарар келтириш билан бир қаторда катта ва ўзига хос мураккаб ёнғинларни келтириб чиқаради.

Ҳар биримиз қаерда бўлмайлик ҳушёрликни йўқотмаслигимиз зарур. Зеро  ҳушёрлик — тинчлик ва ҳотиржамлик гаровидир. Тинч ва хотиржам жойларда байрам тантаналари кўнгилдагидек нишонланади.

Избоскан тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими байрам тадбирларини нишонланиши мобайнида ҳушёрлик ҳамда ёнғин хавфсизлигига риоя қилишингизни сўраб, Сизларга янги қувончлар, бахт саодат ва соғлик тилайди. Наврўз айёмингиз муборак бўлсин!

 

М.М.Нурматов,

Избоскан тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи подполковник                             

 

Улашинг: