Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

БАҲОРНИНГ ИЛК ТУҲФАСИ

Баҳор фасли кириб келиши биланоқ, юртдошларимиз қалбига ўзгача илиқлик, яшариш, янгиланиш туйғуларини олиб киради. Шундан бўлса керак, март ойининг илк кунлариданоқ туманимиз қишлоқ ва маҳаллаларида тантаналар бошланиб кетади.
«Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» баҳори туманимиздаги Юқори Чувама маҳалласи аҳлига ажойиб бир туҳфа хадя этдики, унга бағишланган тадбир маҳалладошлар қалбига олам–олам қувонч, шодликлар улашди.
Шу ерлик тадбиркор Насибулло Раҳимов бугунги кунда маҳалладаги ота–оналарнинг анча вақтдан бери муаммо бўлиб келаётган истакларини рўёбга чиқарди. Маҳалла марказидаги яроқсиз ҳолга келиб қолган собиқ болалар боғчаси ўрнида кичкинтойлар учун янги замонавий бино бунёд этиб, “Дилбархон болалари” номли давлат ҳусусий – шерикчилик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини йўлга қўйди. Жами 2.5 миллиард сўм кредит ва Насибуллонинг ўз ҳисобидан 800 миллион сўм эвазига барпо этилган ушбу мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросими ота–оналар ва болажонларга ўзгача кайфият баҳш этди. Очилиш маросимида маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари алвон тасмаларни қирқдилар.
Янги иш бошлаган мактабгача таълим ташкилотининг мудири, узоқ вақтлар педагоглик касбини улуғлаб келаётган Насибуллонинг онаси Дилбархон Раҳимова ва унинг ҳамкасблари фаолиятига мувафаққиятлар тиладилар. Баҳор айёми нозу–неъматлари тўла жой олган дас­турхонга сумалаклар тортилди. Жажжи кичкинтойлар ўтаётган ҳар бир кунга шукрона келтираётган ота–оналарга ёд олган Ватанни мадҳ этувчи шеър­лар, қўшиқ ва рақсларини намойиш этдилар. Тадбир давомида маҳаллада яшовчи 70 ёшни қаршилаётган онахон, Маҳбубахон Нишонованинг фикр­лари билан қизиқдик:

-Маҳалламизда замонавий, шинам ва гўзал мактабгача таълим ташкилоти бунёд этилганлиги барчамизга қувонч ҳадя этди. Бундан буён болажонларимизнинг замонавий руҳда тарбияланишлари учун барча шарт–шароитлар яратилганлигидан мамнунмиз. Бу юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, давлатимиз ва ҳукуматимизнинг фарзандларимизга кўрсатаётган ғамхўрлиги меваларидир. Демакки фарзандларимиз ўз Ватанини улуғлайдиган, халқини севадиган, маънавиятимизни, удумларимизни ардоқлайдиган комил инсонлар бўлиб етишадилар,–дейди онахон.
Янги таълим ташкилотида 12 нафар малакали тарбиячи ишли бўлди. Болажонларга инглиз тилидан Нигорахон Қурбонова, рус тилидан эса Нозимахон Тошматовалар бошланғич таълим берадилар.

М. Рустамов

Улашинг: