Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлиги ташаббуси билан юртимиз бўйлаб “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида ўтказилаётган саломатлик акцияси туманимизда ҳам тизимли равишда ташкил этилди. Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар натижаси ўлароқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва «Темир дафтар»га киритилган аҳолига замонавий сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш акциядан кўзланган асосий мақсаддир.Туманимизда ушбу шиор остида ўтказилаётган тадбирга малакали мутахассислар, Андижон тиббиёт олийгоҳидан ташриф буюрган профессорлар ва етук шифокорлар таклиф этилди. Уларнинг асосий вазифалари аҳолига ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш, аҳоли саломатлиги ва касалланиш кўрсаткичларидан келиб чиқиб гуруҳларга бўлинишининг тўғри олиб борилишини ўрганиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли ўртасидан тиббий ёрдам зарур бўлган беморларни танлаб олиш, мутахассисларни жалб этган ҳолда жойларда амалий тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ишларни амалга оширишдан иборат эди. Бу ҳақда туман тиббиёт бирлашмаси координатори Файзулло Назирқулов шундай дейди:
— Давлатимиз раҳбарининг «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлоқо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда 18 январдан 18 мартгача аҳоли орасида тиббий хатлов амалга оширилди. Хатлов натижаларига кўра туманимиз аҳолиси 4 гуруҳга таснифланди. Унга кўра биринчи гуруҳдаги мутлоқ соғлом фуқаролар сони 86677 нафар, фоизда эса 38,8. Иккинчи гуруҳда эса паст хавф — амалда соғлом, лекин касалликка мойиллиги борлар — сони 98627 нафарни ёки 44 фоизни ташкил этди. Учинчи гуруҳда ўрта хавф — касалликнинг енгил кечиши билан рўйхатда турувчилар— сони 35069 нафар, фоизда 15,7. Тўртинчи юқори хавф гуруҳида турувчилар — доимий тиббий хизматга муҳтожлар — сони 3084 нафарни, фоизда эса 1,3 ташкил этди.
Олиб борилган тиббий хатлов натижаларига кўра, учинчи ва тўртинчи гуруҳларда таснифланган 38153 нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиши учун туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ҳудудларда чуқурлаштирилган тиббий кўрик режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра Андижон давлат тиббиёт институтининг профессор — ўқитувчилари томонидан 2-сектор ҳудудидаги “Янги ҳаёт” оилавий шифокорлик пунктида, кўп тармоқли марказий поликлиниканинг Тўрткўл бўлимида, туман марказий поликлиникасида 3 кун давомида “Темир дафтар”га тиббий муаммолари юзасидан киритилган 568 нафар бемордан 178 нафари, “Аёллар дафтари”га киритилган 1640 нафар бемордан 181 нафари,”Ёшлар дафтари”га киритилган 124 нафар бемор чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Зарурат туғилганларга даволаниш учун йўлланмалар берилди.
Натижаларга кўра, Республика миқёсидаги тиббиёт муассасаларига 8 нафар беморни имтиёзли тартибда даволаниши учун 2021 йилнинг биринчи чорагида жами 110 нафар беморлар вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларига имтиёзли йўлланма, ордер билан юборилди.

Маълумки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилганларда мураккаб жарроҳлик ўтказилиши учун зарур маблағ етишмаслиги табиий. Акция давомида ана шундай жарроҳлик амалиёти зарур бўлган беморларда муолажа ўтказилди. Чуқурлаштирилган тиббий кўрик натижаларига кўра, бепул мураккаб жарроҳлик амалиёти 2 нафар фуқаро—“Янги Бўстон обод”МФЙнинг “Боғаро” кўчасида яшовчи 61 ёшли Одинахон Шаимбоева, З.М.Бобур МФЙининг “Беш уйли” кўчасида яшовчи 1998 йилда туғилган Умаржон Мамасолиевда ўтказилди. Албатта бундай ишлар мунтазам давом эттирилади. Мақсадимиз эса юртдошларимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг соғликларини тиклаш ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишдир.
М.Рустамов.