Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Аёлларга қандай имтиёзлар берилган?

 Қонунчилигимизда аёлларга бир қатор имтиёзлар берилган бўлиб уларнинг аксарияти меҳнат қилиш бўйича ҳуқуқларни таъминлашга қаратилган.

Аёлларни пенсия ёшига тўлганлиги сабабли иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатиш тақиқланади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4235-сонли қарорига кўра, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, меҳнат фаолиятини рағбатлантириш ва одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида:

2019 йил 1 майдан:

— аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинди;

— тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланди;

— бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддаси тартибида қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилади;

— икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади;

— аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади;

— эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.

Ишлайдиган оналарга болани овқатлантиришга танаффус берилади

Меҳнат кодексининг 236-моддасига кўра

2 ёшга тўлмаган болали аёлларга болани овқатлантириш учун (ўзига берилган дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари) камида ҳар 3 соатда бир марта ҳар бири 30 минутдан кам бўлмаган танаффус берилади.

2 ёшга тўлмаган икки ва ундан кўп болали аёлларга танаффуснинг муддати камида 1 соат қилиб белгиланади.

Мазкур танаффуслар учун иш ҳақи камайтирилмайди.

Болали аёлнинг хоҳишига кўра танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни шунга яраша қисқартирилиши мумкин.

Хотин-қизларнинг касб ўрганишга қилган харажатларини давлат тўлаб беради

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4862-сон қарорига кўра, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилди:

Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар ва белгиланган талаблар асосида ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи (ёшлар, хотин-қизлар) учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан компенсация қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 737-сон қарори билан  тасдиқлан “Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, шунингдек, ота-онасидан ёки уларнинг биридан айрилган ҳамда ёлғиз онаси, ёлғиз отаси ёки бошқа шахслар қарамоғида бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар Комиссиянинг тегишли қарори қабул қилингач, кўпи билан 30 кундан ошмаган муддат ичида ижтимоий уй-жойларга ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштирилади.

Бунда:

— уй-жойга муҳтож хотин-қизларга ипотека кредити бўйича уй-жойларнинг ҳисобланган қийматининг 15 фоизи миқдорида бошланғич бадал тўлаб берилади;

— туман (шаҳар) ҳокимлиги Комиссия қарори қабул қилингандан сўнг 20 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштириладиган хотин-қизлар билан ижара шартномасини тузади (кўпи билдан 5 йил муддатга);

— ижара шартномаси тузилгандан кейин 5 кун ичида ижтимоий уй-жойни топшириш – қабул қилиш далолатномаси тузилади;

— далолатнома тузилгач, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар 5 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштирилади.

Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнат кодекси»га кўра, 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан кўп боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили 3 иш кунидан кам бўлмаган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

Бундан ташқари, уларнинг хоҳишига кўра ҳар йили 14 календарь кундан кам бўлмаган иш ҳақи сақланмаган таътил берилади.

Бундай таътил йиллик таътилга қўшиб берилиши ёки алоҳида фойдаланилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнат кодекси»га кўра, 2 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаганида боласи 2 ёшга тўлгунгача енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи ишга ўтказилади.

Бунда аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

Ҳомиладор аёллар, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга қабул қилишда дастлабки синов қўлланилмайди

Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнат кодекси»га кўра, қуйидаги тоифадаги шахсларни ишга қабул қилишда дастлабки синов муддати қўлланилмайди:

— ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга;

— корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларга;

— ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчиларга;

— ходим билан 6 ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилган ҳолларда.

Ғ.Умаров,

 Марҳамат туман юридик хизмат

кўрсатиш маркази бошлиғи

 

Улашинг: