Нажмите "Enter" для пропуска содержимого

ДАВЛАТ КАМ ТАЪМИНЛАНГАН ЁШЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЙДИ

Ҳукуматнинг 07.06.2022 йилдаги 312-сон қарори билан “Ёшлар дафтари”ни юритиш орқали ёшлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга асосан, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга қуйидаги ёрдам турлари тақдим этилади:

  • мураккаб ҳаётий вазиятда бўлган ёшларга бир марталик моддий ёрдам (БҲМнинг 4 бараваригача);
  • ёш тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёш фуқарога фаолиятини амалга ошираётган нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларининг бир йилда 30%и, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган қисми қоплаб берилади;
  • республикадаги профессионал таълим ташкилотларида таълим олаётган, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган барча олий таълим ташкилотларида бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки шаклида ҳамда магистратуранинг кундузги йўналишида таълим олаётган ўқувчи-талабаларга тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларининг бир қисми қоплаб берилади;
  • ёшларга таълим, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялар соҳасига ва фанларни ўқитишга ихтисослашган нодавлат таълим ташкилотининг 3 ой муддатгача нотурар жой ижара харажатлари БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда қоплаб берилади;
  • никоҳи қайд этилганига 3 йилдан ошмаган ёшларга якка тартибда ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун 33 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.
  • ёшларни тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг 75%игача қисми, бироқ, қуйидагилардан кўп бўлмаган қисми қоплаб берилади:
    • бир ойгача муддатли ўқув курслари учун – БҲМнинг 4 баравари;
    • бир ойдан икки ойгача муддатли – БҲМнинг 8 баравари;
    • икки ойдан ортиқ муддатли – БҲМнинг 12 баравари;

Низомда қуйидаги миқдорларда субсидиялар бериш белгиланган (энг юқори миқдори, БҲМда):

 

0,1 гектардан 1 гектаргача ер майдони ажратиб берилган ёшларга уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун 8
тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга асбоб-ускуна ёки меҳнат қуролларини харид қилиш учун 40
ёшларга замонавий касбларни эгаллаш, ахборот технологияларини ўрганиш ва уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича 6 ойгача муддатли ўқув курслари учун 4 (ҳар ойда)
ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олти ойгача муддатли ўқув курслари учун 1
ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олимпиада, танлов ва мусобақаларнинг маҳаллий босқичларида қатнашиш учун иштирокчиларнинг яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун 4
олимпиада, танлов ва мусобақаларнинг халқаро босқичларида қатнашиш учун 40
“Ёшлар дафтари”га киритилган бемор ёшларга мамлакатда ёки хорижий давлатларда даволаниш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 50
ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга 12 ойгача турар жой учун ижара компенсацияси 3 (ҳар ойда)

 

       А.Қосимов,

    Избоскан тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази

 Бош Юристконсулти                                                                 

Улашинг: