Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Нафисахон фан доктори

У Чувама қишлоғида таваллуд топган

Чувамалик олий тоифали болалар шифокорлари Абдуманноб ака ва Муҳаббатхон ая Жалоловлар оиласи эл соғлиги, айниқса болалар саломатлигини сақлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келяптилар.

Бу оилада ўсган икки қиз, бир ўғил турли соҳаларда Ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Нилуфархон 26-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига таълим бериб келмоқда. Ўғли Нодирбек эса Тошкентдаги ИНХА институтини тамомлаб магис­тратурада сабоқ олиш учун Корея давлатига жўнаб кетмоқда.
Оиладаги яна бир фарзанд Нафисахон эса яқинда фалсафа фанлари доктори илмий даражасини олди. У туманимиздаги 8-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида билим олди. Сўнг­ра Андижон қишлоқ хўжалиги олийгоҳининг агрономия факультетига ўқишга кирди. 1999 йилда олийгоҳни тамомлаб ўқишни магис­тратурада давом эттирди. 2005 йилда ўқишни тамомлаб, 2012 йилгача олийгоҳда талабаларга билим бериш билан бирга аспирантурада ўқиди.
Илмий иши асосан Андижон вилоятининг оч тусли бўз тупроқлари шароитида янги навларни яратиш, сув ва ресурс тежовчи агротехнологияларни ишлаб чиқариш мавзусида бўлди. Мавзу бўйича Нафисахоннинг 20 га яқин илмий мақолалари маҳаллий ва хориж журналларида чоп этилди. Шу билан бирга у дастур ҳам ишлаб чиқди. Тавсиянома асосан фермерлар учун бўлиб, дастур асосида пахтачилик соҳасида сувдан тежаб фойдаланиш ва уни 25 фоиз иқтисод қилиш усуллари, технологиялари ҳақида фикр юритилган.
Бу билан ёш олима сувдан кам фойдаланиб, мўл ҳосил олиш ғояларини илгари сурди. Олиб борилган ҳаракатлар, изланишлар ўз самарасини бериб, Визирлар Маҳкамаси қошидаги олий аттестация комиссияси Нафисахонни докторлик даражаси билан табриклаб, унга сертификатни топширди.
Нафисахон ҳозирда Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалининг ўсимликшунослик кафедра­сида фаолият олиб бормоқда. 36 ёшни қаршилаган Нафисахон оилада 2 нафар фарзанднинг меҳрибон онаси. Турмуш ўртоғи Отабек ҳам ўқитувчилик касбини эъзоз­лаб келмоқда.
Абдуманноб ака ҳамда яқинлари, Нафисахонга ота- онасидек меҳрибон қайнота-қайнонаси Араббой ака ва Азизахон аялар келини эришган ютуқларидан фахрланмоқдалар. Бу нафақат ушбу оиланинг избоскан аҳлининг ҳам ютуғидир.
М. ДЕҲҚОНОВ.
Суратда: Нафисахон отаси Абдуманноб ака билан.

Улашинг: