Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ватан мадҳини дилингга жо қил!

Туманимизда мустақиллигимизнинг 28 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида «Ватан мадҳини дилингга жо қил!» шиори остида санъат фестивали бошланди.

Бундан кўзланган мақсад туманимиздаги қишлоқлар аҳлини, санъат шайдоларининг маданий дам олишларини таъминлаш, шу баҳона ана шу қишлоқлардаги истеъдодларни кашф этишдир. Фестивални биринчи бўлиб Республика миқёсида талантларни етказиб берган Лўғумбек қишлоғи бадиий ҳаваскорлари бошлаб бердилар.
Шарофатхон Тожибоева, Санъат Фармонов каби хушовозларни ким ҳам танимайди, дейсиз. Шу куни Намуна маданият уйида бўлиб ўтган нафис тадбирда лўғумбеклик ҳушовозлар ўз чиқиш­лари билан, дилрабо куй ва қўшиқлари, оҳанг­рабо рақслари билан қатнашчиларни хушнуд этдилар. Оз бўлса-да дилларга ором бахш этилди. Интиқ кўнгиллар ана шундай куй ва қўшиқларга, рақсларга, дилбар чиқишларга ташна эканликлари сезилди. Улар Гулнозахон Каримова, Муштарий Турсунбоева, Муқаддасхон Одилова ва бош­қа талантларнинг чиқиш­ларини гулдурос қарсаклар билан рағбатлантириб турдилар.
Майгир қишлоғининг маданият ва истироҳат боғида давом этган фестивалнинг иккинчи куни ҳам файзли ўтди. Маҳаллалар, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари фаоллари, ўқитувчи, ўқувчилари, тарбияланувчилари ўз чиқишларини дилдан намойиш қилиб, талантлари билан қатнашчиларни хушнуд этдилар. Айниқса Файзулло Имомов, Аброрбек Қурбонов, Муножот Отахонова, Илҳомжон Отахоновларнинг чиқишлари ҳамқиш­лоқларида катта таассурот қолдирди.
–Албатта камчиликлар ҳам йўқ эмас,–дейди туман ҳокимлиги маънавият бўлими раҳбари Озодбек Позилов. –Лекин ўтказилаётган тадбирлардан барча мамнун. Авваллари бундай тадбирлар туман марказида ўтказиларди.
Қишлоқларимизда бошланган санъат фестивали албатта туманимиз марказида ҳам давом этади.

М. Мирзаабдуллаев

Улашинг: