Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Барака қайнаётган хонадон

“Анорзор” маҳалласида истиқомат қилувчи Кенжабой Отажоновлар оиласини маҳаллада “Тадбиркорлар оиласи” дейишади.

Кенжабой маҳаллада бир қатор тадбиркорлик ишлари — ёғочни қайта ишлаш, пахта отиш цехлари, ҳаммом, автомобилларни ювиш шохобчаси, обжувоз, тегирмон хизматини йўлга қўйган. Бу жойларда 10 нафардан ортиқ иш ўрни яратилган. Биз Кенжабой Отажоновнинг хонадонида бўлганимизда унинг турмуш ўртоғи Соҳибахон “оилада асосий тадбиркор менман”, дея ҳазиллашди. Бу сўзнинг замирида ҳақиқат бор.
Хонадон томорқаси 16 сотих. Томорқада 70 туп анор меваларини кўз-кўз қилиб турибди. Уларнинг шохларидаги меваларга ўзгача меҳр билан боқасиз. Меваларнинг ҳар бирига эринмай қоғоз халта боғлаб чиқилган. Унинг сабабини кейинроқ билдик. Анор қатор ораларида бақлажон, помидор, карам, булғор ва аччиқ қалампирлар парваришланмоқда. Бунга қўшимча 3 сотихли иссиқхонада алоҳида булғор қалампирлари экилган. Шу билан бирга 10 дан зиёд товуқ, 4 бош қорамол боқилмоқда. Бу ишларнинг барчасига вақт ажратиб, улгураётган Соҳибахонга қараб, юқорида айтганлари бекорга эмаслигини тушуниб етдик.
Анорларга боғланган қоғоз халталар меваларни офтоб урушидан сақлашини тушунтирган Соҳибахоннинг ишига қойил қолдик.
Ўтган йили анордан 1 тонна ҳосил олиб, 6 миллион сўм, томорқадаги бошқа экинлардан 2,5 миллион сўмдан зиёд даромад олганлиги унинг миришкор деҳқон, меҳнатсевар оила бекаси, ҳақиқий тадбиркор эканлигидан далолат беради.
Суҳбат давомида англадикки товуқлардан олинаётган тухумлар, сигирнинг сут қаймоқлари меҳнатларининг самараси.
Атрофдаги гилос, хурмо, ўрик, узум каби мевали дарахтлар оила эҳтиёжини қоплаётганлигини айтиб ўтди.
Биз маҳалла раиси Ўғилхон Хайитова билан Соҳибахон хонадонидан қайтар эканмиз, у бундай оилалар маҳалламизда кўп, деб изоҳ берди.

М. РУСТАМОВ.
Суратда: С. Отажонова анор ҳосилидан хурсанд.

Улашинг: