Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

1 декабрь — Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни шиори: «Ҳамжамиятлар аҳамиятга эга»

Бирлашган миллатлар ташкилотининг ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури — ЮНЭЙДС ташкилотининг берган маълумотига кўра, дунёнинг баъзи худудларида ОИВнинг янгидан рўйхатга олиниш холатлари ўсиб бормоқда. Охирги 5 йил ичида катталар орасида ОИВнинг юқтириб олиш холатлари бўйича тахминий бахоловчи кўрсатгич 1,9 млн.ни ташкил этади. ЮНЕЙДС докладига кўра дунёда 2030 йилга бориб ОИТС эпидемиясини тўхтатишга эришиш борасида олиб борилаётган чораларни тезлаштириш учун албатта ОИВ инфекциясини олдини олишга қаратилган хатти-харакатларни кучайтириш ва фаоллаштириш шарт. Бунинг учун ОИВ инфекциясини юқтириб олишга мойил гурухлар, ёш аёллар, хомиладорлар, никоҳланувчилар ва хорижий мамлакатларда ишлаб келаётган мехнат мигрантлари ўртасида профилактика ўтказишга қаратилган.

Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни 2019 – барча ҳамкорлар учун халқаро, миллий ва маҳаллий даражада ОИТС тарқалишига қарши курашда ҳамжамиятларнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини англаш учун яна бир имкониятдир.

Ҳамжамиятлар ОИТСнинг турли йўллар орқали тарқалишини олдини олишда ўз ҳиссасини қўшади. ОИТСга қарши курашиш ишларининг диққат марказида айнан одамлар ва уларнинг ҳаёти эканлиги жамиятнинг етакчилиги ва тарғиботчилигининг асосли ва долзарблигини таъминлайди. Ҳамжамият ўз навбатида маслаҳатчилар, ОИВ билан касалланган ёки улар билан бирга яшаётган одамлар гуруҳини, шунингдек соҳа маслаҳатчилари, тиббиёт ходимлари, фуқаролик жамияти вакиллари ва жамоат фаолларини қамраб олади.

Фуқаролик жамиятига ажратилаётган молиявий ёрдамнинг қисқариши ва эътиборнинг сусайиши оқибатида кўрсатилаётган хизматларнинг барқарорлиги ва унинг тарғиботига таҳдид солаётган бир пайтда, Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни ҳамжамиятликнинг аҳамиятини кенг ёритишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.

Ижтимоий муносабатларни ўрнатишга етарли шароитларнинг йўқлиги туфайли ҳамжамиятнинг хизмат кўрсатиши олдидаги тўсиқларни бартараф қилиш учун зудлик билан ҳамжамиятликни фаол ҳаракатга келиши зарур.

ОИТС мавзусининг сиёсий фаолият, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қарор қабул қилувчиларнинг кун тартибида бўлишини таъминлашда жамиятнинг кучли тарғиботчилик роли аввалгидан кўра янада зарур.

ОИВ (ВИЧ)- Одам организмидаги Иммунитет Танкислигини келтириб чикарувчи вирус, асосан одамнинг иммунитет (химоя)тизимига таъсир килади   

ОИВ инфекцияси – одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган, клиник белгиларсиз вирус ташиб юрувчиликдан иммун тизимнинг оғир зарарланишигача олиб борадиган, узоқ давом этувчи сурункали юқумли касаллик.

ОИТС – Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми. У ОИВ инфекциясининг якуний босқичи ҳисобланади.

ОИВ инфекциясининг бошланғич даврида инсон қонида ОИВ вируси аниқланади, аммо касаллик аломатлари ҳали намоён бўлмаган бўлиши ёки сезиларсиз даражада ривожланган бўлиши мумкин. Бу даврда инсон вирус ташувчи ҳисобланади. ОИТС – ОИВ инфекциясининг сўнги, тўртинчи босқичи бўлиб, касалликнинг бу даврида инсон организми ҳар қандай касалликларга қарши курашиш хусусиятини йўқотади.

ОИВ инфекциясида одам организмига тушган вирусга иммун тизими маълум даражада жавоб қайтаради. Дастлаб касаллик аломатлари деярли бўлмайди. Фақат лаборатория текширув тахлиллари орқали касаллик чақирувчиси аниқланади.

Вирус билан организм ўртасидаги кураш узоқ давом этади ва вируснинг ғалабаси билан якунланади, касалликнинг тўртинчи ва охирги босқичи — ОИТС даври бошланган ҳисобланади. Бу давр учун ўзига хос аломатлар йўқ. Касалликнинг бу босқичида организмда мавжуд бўлган ҳар қандай микроорганизм касаллик қўзғатиши мумкин. Шунинг учун бу даврда соғайиши қийин бўлган, асоратланган турли-туман касалликлар аломатлари кузатилади.

     ОИВ инфекцияси юққан дастлабки даврларда одам ўзини соғлом ҳис этиши мумкин. Бундай ҳолат ҳеч қандай аломатларсиз 8-10 йил, охирги маълумотларга қараганда  ҳатто 15-20 йилгача чўзилиши мумкин. Бу даврда одам соғломдек кўринса ҳам, ўзи билмаган ҳолда, касаллик вирусини бошқаларга юқтириш ҳавфи юқори бўлади. Касаллик қандай кечишидан қатъий назар, доимо ОИВ инфекциясининг охирги босқичи — ОИТС даврига ўтади.

Вирус юқтирган одамнинг қонида, эркакларнинг шаҳватида, аёлларнинг жинсий аъзолари ажратмалари ва кўкрак сути таркибида юыори концентрацияда бўлади. Вирус асосан 3 хил йўл билан, биринчи қон орқали (парентерал йўл), иккинчи жинсий алоқа орқали, учунчи йўли касаллик юқтирган онадан ҳомилага (вертикал) юқиши мумкин.

Қон орқали юқиш умумий фойдаланилган, зарарсизлантирилмаган шприц ва игналар орқали (масалан: гиёҳвандларда), вирус билан зарарланган қон ва унинг таркибий қисмлалари томир орқали қуйилганда, зарасизлантирилмаган жаррохлик, доялик, стоматологик ва бошқа тиббий асбоблар оркали тиббий муолажалар олганда ҳамда етарлича ёки умуман зарарсизлантирилмаган маиший асбоб-ускуналар орқали (пирсинг, татуаж ва бошқалар) кузатилади.

Жинсий йўл орқали ҳимояланмаган (презервативсиз) жинсий ва бетартиб жинсий алоқадан кейин юқади

Шунингдек касаллик юқтирган онадан ҳомилага вертикал йўл билан ҳомиладорлик даврида  (жарохатланган йўлдош орқали) ҳомилага, туғруқ  жараёнида (туғруқ йўлида она қони орқали) ва она сути орқали чақалоққа юқиши мумкин.

Қўл бериб кўришганда, қучоқлашганда, йўталганда, акса урганда, умумий телефондан фойдаланганда, хашоротлар чаққанда, бассейн, ҳаммом,  хожатхонадан умумий фойдаланилганда, умумий идиш-товокдан, кийим кечак ва кўрпа — тўшак орқали касаллик юқмайди.

ОИВ билан зарарланган шахсда ташқи кўринишдан касаллиги сезилмайди, инсон ўзини соғлом хис этади, касаллик белгилари намоён бўлмайди.

Тана ҳароратининг сабабсиз кўтарилиши (бир неча хафта давомида), бир ойдан кўпроқ вақт мобайнида йўталиш, сабабсиз тез вазн йўқотиш, ич кетиши ва уни хафталаб, ойлаб давом этиши, ўмров ости, қўлтиқ ости, чов соҳасидаги лимфа тугунларининг катталашуви ОИВ инфекциясининг дастлабки белгиларидир.

Афсуски, ҳозирги кунда ОИВ/ОИТС олдини оладиган вакцина ва уни тўлиқ даволайдиган дори-дармонлар ишлаб чиқилмаган. Шунинг учун касалликнинг олдини олиш, юқиш йўлларидан сақланиш, одоб чегарасидан чиқмаслик катта аҳамиятга эга. Даволаш учун ҳозирги кунда мавжуд дорилар касалликнинг ОИТС даврига ўтишини орқага суради, ҳаёт сифатини яхшилайди ва умрини узайтиради. Уларни узоқ вақт давомида мунтазам қабул қилиш лозим.

ОИВ инфекцияси юқиш ҳавфини камайтириш учун инсон аҳлоқан пок, ўз жуфти ҳалолига доимо содиқ бўлиши, тасодифий жинсий алоқалардан сақланиши, зарур ҳолатларда ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиши, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаслиги, зарарли одатлардан йироқ бўлиши, шахсий гигиенага риоя қилиши, даволаш профилактика муассасаларига, сартарошхоналарга, гўзаллик салонларига мурожаат қилганида хар доим бир марта ишлатиладиган анжомлар ва асбоб-ускуналардан фойдаланишини талаб қилиши керак бўлади. Хамма биргаликда ушбу қоидаларга риоя қилса албатта касалликни камайтиришга кўзланган мақсадга эришса бўлади.

Умуман олганда, ҳар қандай инсон ҳаётига ҳавф солувчи касалликларни олдини олиш учун миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизга амал қилиш, оиламиз ва турмуш ўртоқларимизга содиқ бўлиб, фарзандларимиз қувончу шодликларига шерик бўлиб яшашимиз ва соғлом турмуш тарзига риоя қилишимиз лозим.

Андижон вилоят ОИТСга қарши кураш маркази.

Телефон: 8(374)-237-17-12.

 

 

Улашинг: