Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Водийда ягона бозор бўлади

Маълумки “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида” 2017 йил 27 март куни Президентимиз Қарори қабул қилинганди.

Шунга асосан вилоят, туман ҳокимликларининг ҳам дастур ижросини бажаришга доир қарорлари қабул қилиниб ижрога қаратилди. Бу замонавий савдо мажмуасини қуриб битказишни янгиқишлоқлик забардаст тадбиркорлардан бири “Янгиқиш­лоқ” МЧЖ бошлиғи Салимжон Ўлмасов ўз зиммасига олди. Келинг, аввало, “Избоскан деҳқон бозори” МЧЖнинг 2019 йил иккинчи чорак дастурига киритилган ва қурилиш лойиҳаси 16 миллиард сўмга тенг, ҳозирда водийда ягона бўлаётган савдо мажмуасини барпо этаётган тадбиркор ҳақида тўхталиб ўтайлик.
Салимжон 1963 йилда туғилган. Ўрта мактабни битиргач, Тошкентдаги Низомий давлат университетининг муҳандис-педагог факультетини битирган. Мос­квадаги АПН институти аспирантурасида 3 йил ўқиган. Шу йилларда унда тадбиркорликка қизиқиш уйғонган ва бу фаолиятини Қозоғистон республикасида оддий бир кичик бизнес йўналишида бошлаган. У ерда барча қийинчиликларга бардош бериб, танилган тадбиркорлардан бирига айланган. 1997-2003 йиллар давомида ўз қишлоғи Янгиқишлоқда “Янгиқишлоқ” бозорини қурган. Ҳозирда бозор ўрнида паррандачилик, лимончилик, чорвачилик, иссиқхона фаолияти ташкил қилинган ва мева-сабзавот қиш бўйи сақланадиган совутгич барпо қилинган. Бу олиб борилаётган ишлардан ташқари у Янгиқишлоқ дам олиш истироҳат боғини обод қилишда ҳам фаол. Боғдаги кичик стадион ёшларда спортга бўлган қизиқишни оширмоқда. Салимжонда тадбиркорликка хос таваккалчилик, аниқ ҳисоб-китоб, саховатпешалик, дадиллик ва ҳаётий тажриба етарли.
Ҳозирги кунларда савдо-мажмуасининг қурилиш монтаж ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Биринчи, иккинчи қаватлар бетон каркаслари, том ёпиш плиталари қўйилган. Учинчи қаватда каркас ишлари ниҳоясига етказиляпти. Шу йил январь ойининг учинчи ўн кунлигигача 8 миллиард сўмлик қурилиш монтаж ишлари туман банкларидан ҳеч бир кредит олинмай бажарилди.
Пойтуғ деҳқон бозоридаги савдо мажмуасининг биринчи қавати озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилинадиган жой бўлиб, 1000 та иш ўрнига эга бўлади. Иккинчи қаватига кийим-кечак, турли буюмлар билан савдо қилинадиган 140 та савдо дўкони жойлаштирилади. Учинчи қаватда эса аҳоли ва болалар учун кўнгилочар ўйингоҳлар, умумий овқатланиш шохобчалари барпо этиш режалаштирилган. Хуллас, савдогар ва харидор­лар учун, аҳоли учун барча шароитлар яратиладиган бу замонавий савдо мажмуаси ҳар томонлама водийда ягона қилиб қурилмоқда. Унинг биринчи қавати шу йил “Нав­рўз” байрамига фойдаланишга топширилади. Иккинчи, учинчи босқич ишларни май ойида тугаллаш кўзда тутилган. Савдо мажмуаси ишга тушгач 1200 нафар иш ўрни яратилади.

Йўлдош ИСОҚЖОНОВ,
«Олтин қалам» соҳиби

Улашинг: