Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Депутат ва ҳаёт: Масъулиятни ҳис этиб

Янги Ўзбекистон, янги сайловлар йилида Ўзбекистон Халқ Демократик партияси томонидан 6-Бешқовоқ сайлов участкасидан туман Кенгаши депутатлигига сайланган Баҳтиёржон Рахмонов бир неча йиллардан буён туман ободонлаштириш бош­қармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келмоқда.
Депутат Баҳтиёржон Раҳмонов сайловчилари яшайдиган маҳалла раиси ва фаоллари билан бирга банд бўлмаган ёшларни, хотин- қизлар бандлигини таъминлаш, камбағалликни юмшатиш ҳамда кам таъминланган аҳоли қатламига моддий ёрдам беришни бош мақсад қилиб олган. Шу билан бирга пандемия шароитида карантин қоидаларига қатъий амал қилиш лозимлигини сайловчиларга тушунтириб боряпти. Оилавий тадбиркорликни янада ривож­лантириш мақсадида хонадонма-хонадон юриб аҳолига керакли тушунча ва маслаҳатлар бериб келмоқда. Сайловчиларнинг муаммоларини имкон даражасида ҳал этиш унинг эътиборида. Ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида туман аҳоли банд­лигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда иш олиб борилиб, унинг саъй-ҳаракатлари билан кам таъминланган оилалар, ишсиз ёшларни ишли қилиш учун хонадонларга иссиқхоналар қуриб берилмоқда. Шунингдек, у ҳудуддаги тадбиркорлар томонидан ҳомийлик асосида кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилишида бош-қош бўлаётир.
Унинг ташаббуси билан Тинчлик МФЙ худудидаги 10-умумий ўрта таълим мактаби спорт зали ва актив зали таъмирланмоқда. Туман «Сув­оқова» ДУК, Электр тармоқлари корхонаси ва Йўллардан фойдаланиш УКга депутатлик сўрови чиқарилди. Маҳаллаларнинг тоза ичимлик суви яхшиланди, эскирган трансформаторлар жорий таъмирланди, ҳомийлар маблағлари ёрдамида кўчалар шағаллаштирилди.
–Наврўзобод маҳалласида яшовчи фуқаро Хасанбой Яхшибоевнинг хонадони туман ҳокимлиги ва бош­қа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида қайта қуриб берилди.
Юртбошимизнинг “Ҳар бир депутат халқ қабулхоналари билан доимий ишлаб, ўз ҳудудида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаши керак. Шунда депутат ўз сайловчиларига берган ваъдалари устидан чиқади, халқимизнинг ишончини оқлайди, энг асосийси халқимизнинг меҳрини қозонади”, деган сўзлари менинг зиммамдаги депутатлик масъ­улиятини оширади,–дей­ди Б. Раҳмонов.
Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ҳамда депутат сифатида масъулиятни ҳис этиб, кўчалар чароғонлигини таъминлаш, гулларга буркаш, тозалик каби савобли ишларга бош-қош бўлаётган Баҳтиёржон Рахмоновга «Асло чарчаманг!», деймиз.

Г. БОЛТАБОЕВА

Улашинг: