Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Сотувчи ва харидорларга қулайлик яратилади

Давлатимиз мустақиллиги даврида деҳқон бозорларининг моддий-техника базасини мус­таҳкамлаш, харидорлар ва сотувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, республиканинг йирик саноат шаҳарлари ва қишлоқ туманлари марказларида фаолият кўрсатаётган бозорлар ҳудудларини ободонлаштириш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Салимжон Ўлмасов раҳбарлик қилаётган “Избоскан Деҳқон бозори” МЧЖ ҳам янгиланишлар сари юз тутмоқда. Бу ерда замонавий савдо мажмуаси тадбиркор Ш.Ўлмасов томонидан барпо этилмоқда.
— Шарқда бозор азалдан ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган жой ҳисобланади. Шарқ ўлкаларининг ривожланишига ва аҳолисига баҳо беришда ҳам кўпинча бозорларнинг архитектураси ҳамда бозорлардаги сотувчи ва харидорлар ўртасидаги муомала, олди-сотди қоидаларига амал қилиш каби ҳолатлар мезон қилиб олинган,-дейди “Избоскан Деҳқон бозори” МЧЖ раҳбари Салимжон Ўлмасов.- Эндиликда давр ўзгармоқда, бозорларнинг ўрнини супермаркет, гипермаркетлар эгалламоқда, электрон савдо қилиш тизими ривож­ланмоқда. Бозорларимизнинг замонавий шарқ архитектураси асосида қайта қурилиши, реконструкция қилиниши, янгиларини бунёд этилиши, аҳолига янада кенг имкониятлар, қулайликлар яратилиши, шаҳарларимизнинг янада гўзаллашувини таъминлайди. Бизнинг марказий деҳқон бозоримизда олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳам сотувчи ва харидорларга етарлича шароит яратилишига асосланган. Барпо этилаётган савдо маж­муамиз мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилишини режалаштирганмиз. Шу билан бирга бозор ҳудудига ки­раверишга автотураргоҳ қурилиши ҳам режалаштирилган.
Пандемия шароитида марказий деҳқон бозорида санитария эпидемиология осойишталигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли юқумли касалликларининг тарқалиши ва хавфини олдини олиш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда радиоузел орқали мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Санитария эпидемиология осойишталик марказлари ходимлари томонидан ҳар куни зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда. Бозорга кириш дарвозаларига 2 та дезинфекция тунели қурилди. Тегишли ташкилотлар ва тадбиркорлар билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат савдо ярмаркаси ташкил қилинди. Унда аҳоли гўшт, картошка, пиёз, сабзи, гуруч, ёғ каби асосий истеъмол маҳсулотларини арзон нархларда харид қилмоқдалар. Бу эса бозорда тўкинлик, файз-барака, аҳоли кайфиятини кўтаришга хизмат қилади.

Г. БОЛТАБОЕВА

Улашинг: