Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Президент сайловига жами 300 млрд сўм, ҳар бир номзодга эса 3 млрд сўмдан ажратилади

Марказий сайлов комиссияси октябрдаги президент сайлови Харажатлар сметасини — 300 млрд сўм этиб тасдиқлади. Унга кўра, сиёсий партияларнинг ташвиқот ва тарғиботи учун 15 млрд 486 млн сўм, ҳар бир номзодга эса — 3 млрд сўмдан ажратилади. Сайлов жараёнида коронавирусга қарши кураш учун 11,5 млрд сўм сарфлаш режалаштирилган. чить звук

МСКнинг доимий асосда ишловчи аъзоси Адҳам Ибодуллаев сайловга қанча маблағ ажратилгани ва улар айнан нималарга сарфланиши бўйича маълумот берган.

«2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисидаги қонунга кўра, 2021 йилда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори 300 млрд сўм этиб белгиланган», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ Харажатлар сметаси ишлаб чиқилган ва Молия вазирлиги билан келишилган.

Таъкидланишича, уни ишлаб чиқишда бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш мақсадида Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ҳудудлардаги мавжуд сайлов жиҳозлари ва товар моддий қийматликлар тўлиқ хатловдан ўтказилган.

«Шунингдек, харажатлар сметасини шакллантиришда Молия вазирлигининг масъул ходимларини жалб этган ҳолда бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг ҳар бир сўмини ўз йўналиши ва мақсадли сарфланиши юзасидан таҳлил қилган ҳолда режалаштирилган», — деди комиссия аъзоси.

Сиёсий партия ва номзодларга ажратиладиган маблағлар

Йиғилишда умумпартиявий тадбирлар ва сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва тарғибот ишларини амалга оширишга ажратиладиган маблағлар — 15 млрд 486 млн сўмни ташкил этиши таъкидланди. Бунда, ҳар бир номзодга 3 млрд 97 млн сўмдан тўғри келмоқда.

«Сайловга ажратилган маблағларнинг сарфланиши юзасидан сайлов якунлари эълон қилингандан сўнг белгиланган муддатларда Марказий сайлов комиссиясининг веб сайти орқали ва ижтимоий тармоқларида ҳисоботи ёритиб берилади», — деди Адҳам Ибодуллаев.

Шу билан бирга, ажратилган маблағларнинг аниқ ва манзилли сарфланиши назорат қилиб борилиши ва сайлов якунида иқтисод қилинган маблағлар давлат бюджетига қайтарилиши таъкидланди.

Маблағлар нималарга сарфланади?

Сметага кўра, маблағлар қуйидаги мақсадларга сарфланиши маълум қилинди:

  • Президент сайлови бўйича 14 та округ сайлов комиссияси харажатлариучун;
  • 10 800 га яқин участка сайлов комиссиясининг ҳар бирини, эҳтиёждан келиб чиқиб, Давлат байроғи, Давлат герби, сайлов анжомлари билан жиҳозлаш, (яширин овоз бериш кабинаси, овоз бериш қутиси) тарқатма материаллар ва бошқа товар-моддий қийматликлар билан таъминлашга;
  • Округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолигига жалб этиладиган қарийб 140 000нафарга яқин комиссия аъзоларининг иш ҳақи ва компенсация тўловларига.

Бундан ташқари, сайлов бюллетенлари ва таклифномаларини тайёрлаш ҳамда сайлов участкаларигача етказиб бериш учун транспорт харажатлари молиялаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳамда «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори белгиланган тартибда режалаштирилади.

Маблағлар қуйидагича тақсимланган:

  • Сайловни ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссиялари харажатлари округ сайлов коммиссияси томонидан тегишинча Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг махсус ҳисоб рақами орқали амалга оширилади;
  • 14 та округ сайлов комиссияларининг харажатлар сметасида ҳар бир округ учун қарийб 57 млн сўмдан ҳамда хар бир участка сайлов комиссияси учун 12 млн сўмга яқин миқдорида маблағ ажратиш режалаштирилган.

Округ ва участка сайлов комиссияларига ажратилган маблағлар:

  • барча комиссия аъзоларининг иш ҳақи ва компенсация тўловлари;
  • ягона ижтимоий тўловлар;
  • хизмат сафари ва фельдъегерлик хизмати харажатлари;
  • сайлов бюллетенлари ва таклифномаларни сайлов участкаларигача етказиб беришни ташкил этиш учун транспорт харажатлари;
  • шаҳарлараро телефон алоқаси;
  • сайлов комиссияларига пешлавҳа ва ахборот стендлари тайёрлаш харажатлари;
  • сайлов округларида такрорий овоз бериш жараёнларини молиялаштириш.

«Ҳурматли комиссия аъзолари округ ва участка сайлов комиссиялари учун ажратилаётган маблағларнинг қарийб 80 фоиздан ортиғи иш ҳақи ва компенсация ҳамда ягона ижтимоий тўловлар учун сарфланади», — деди Адҳам Ибодуллаев.

Сайловда COVID-19`га қарши кураш

МСК аъзосининг таъкидлашича, сайлов комиссиялари аъзолари ва сайловчиларни саломатлиги билан боғлиқ хавфсизлигини таъминлаш мақсадлари учун ҳам маблағлар кўзда тутилган.

Шахсий ҳимоя воситалари ва дезинфекцияловчи материаллар билан таъминлашга — 11,5 млрд сўм ажратиш режалаштирилган. Унинг қўшимча қилишича, агарда сайлов кунлари пандемия шароити юмшаса ва мазкур пулларнинг тўлиқ сарфланишига эҳтиёж бўлмаса, ҳақиқатда сарфланган маблағдан қолган қисми давлат бюджетига қайтарилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжат билан сайлов тизими янада такомиллаштирилди.

Унга мувофиқ, эндиликда сайлов комиссияси фаолиятига жалб қилинган барча комиссия аъзоларига овқатланиш, транспорт ва бошқа харажатларни қоплаш мақсадида компенсация тўловлари тўлаб берилади.

«Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман сайлов комиссиясининг доимий иш жойига эга бўлмаган аъзоларига, шу жумладан пенсионерларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ иш ҳақлари тўлаб берилиши қонун билан белгилаб қўйилди. Бундай амалиёт комиссия аъзолигига жалб этилган фуқароларнинг мажбурий меҳнатига йўл қўймаслик мақсадида жорий этилган», — дейилди маърузада.

Бундан ташқари, доимий иш жойига эга бўлган фуқароларнинг хизмат вазифаларини бажаришдан озод этилган ҳолда сайлов комиссиясининг қарорига биноан комиссия аъзолигига жалб этилганда доимий иш жойидаги иш ҳақи тўланмайди. Бу ҳолатда Харажатлар сметаси маблағлари ҳисобидан уларга асосий иш жойидаги ўртача иш ҳақи ҳисоблаб тўланади.

СЯЭР

Илк бор Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан (СЯЭР) 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида фойдаланилган эди. Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловда СЯЭР такомиллаштирган ҳолда зарур техник тайёргарлик билан биргаликда сайлов комиссиялари аъзоларини ҳам ахборот коммуникация технологиялари бўйича тайёрлаш учун ўқув машғулотлари ташкил этилади.

Тренерлар ва мониторинг гуруҳи аъзоларининг округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолигига жалб этиладиган номзодлар ва аъзоларини ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида энг мақбул — каскад усулида ўқув машғулотларини ташкил этиш учун — 18 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган.

«Шу билан бирга, ўқув машғулотларини олиб бориш ва Сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизимида ишлашга ўргатиш бўйича услубий қўлланма тайёрлаш ва чоп этишлар хам инобатга олинган», — деди МСК аъзоси.

Ушбу тадбирлар учун ажратилган маблағларнинг 92 фоизи тренерлар ва мониторинг гуруҳи аъзоларининг иш ҳақи тўловлари билан боғлиқ харажатларни ташкил этади.

Шунингдек, округ ва участка сайлов комиссиялари фаолияти давомида АКТдан фойдаланиш, интернетга узлуксиз уланиш ва алоқа воситаларидан фойдаланишни таъминлашга — 20 млрд сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, сайловга оид босма материаллари ва сайлов ташвиқотига оид ахборот ва маълумотларни чоп этиш учун қарийб 14 млрд сўм ажратилади.

МСКнинг марказлашган харажатлари

Марказий сайлов комиссиясининг марказлашган харажатлари қуйидагилардан иборат:

  • сайлов қонунчилиги ва амалиётини ўргатиш мақсадида ўқув услубий қўлланма, рисола, эслатма плакатлар, видеодарслар, видеоролик, инфографик маълумот ва ахборотлар тайёрлаб чоп этиш;
  • Конституция, Сайлов кодекси ва Марказий сайлов комиссияси норматив хуқуқий ҳужжатларининг тўпламини чоп этиш;
  • республика ва ҳудудий тренерлар ва мониторинг гуруҳларининг меҳнат хақи ва хизмат сафари билан боғлиқ харажатларини қоплаш;
  • округ ва участка сайлов комиссиялари биноларини сайлов жиҳозлари билан таъминлаш ва зарур товар моддий қийматликларни етказиб бериш;
  • овоз бериш бюллетенларини чоп этиш;
  • сайловни оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб бориш;
  • сайлов округ ва участкаларини интернет ва алоқа хизматлари билан узлуксиз ишлашни таъминлаш учун кўзда тутилган.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари мазкур Харажатлар сметасини тасдиқлашди.

 

Улашинг: