Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш тартиби белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда Тошкент шаҳрида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш тартиби белгиланди

Қарор «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, Тошкент шаҳрида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинди.

Ҳукумат қарори (737-сон, 06.12.2021 й.) билан Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, шунингдек, ота-онасидан ёки уларнинг биридан айрилган ҳамда ёлғиз онаси, ёлғиз отаси ёки бошқа шахслар қарамоғида бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

📝 Низомга кўра, уй-жой шароитини яхшилаш истагида бўлган уй-жойга муҳтож хотин-қизлар ўзини ўзи бошқариш органи ёки туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига сўровнома-ариза билан мурожаат қилади.

🔎 Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ҳар чоракда (чорак биринчи ойининг 15-кунигача) хотин-қизларнинг уй-жойга эҳтиёжмандлик даражасини ўрганиб чиқади.

⏳ Уй-жойга муҳтож хотин-қизлар Комиссиянинг тегишли қарори қабул қилингач, кўпи билан 30 кундан ошмаган муддат ичида ижтимоий уй-жойларга ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштирилади.

🔰 Бунда:

👉 уй-жойга муҳтож хотин-қизларга ипотека кредити бўйича уй-жойларнинг ҳисобланган қийматининг 15 фоизи миқдорида бошланғич бадал тўлаб берилади;

👉 туман (шаҳар) ҳокимлиги Комиссия қарори қабул қилингандан сўнг 20 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштириладиган хотин-қизлар билан ижара шартномасини тузади (кўпи билдан 5 йил муддатга);

👉 ижара шартномаси тузилгандан кейин 5 кун ичида ижтимоий уй-жойни топшириш – қабул қилиш далолатномаси тузилади;

👉 далолатнома тузилгач, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар 5 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштирилади.

📌 Ижтимоий уй-жойлар муниципал мулк ҳуқуқи асосида туман (шаҳар) ҳокимлигига тегишли бўлади ва улар бўйича алоҳида ҳисоб юритилади.

➡️ Ногиронлиги бўлган шахслар, кекса ёшдаги ва ўзи ҳаракатлана олмайдиган шахслар устувор равишда кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватидаги ижтимоий уй-жойларга жойлаштирилади.

Якунловчи қоидаларга кўра. Уй-жойга муҳтож хотин-қизлар аниқланиши, уларга ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал тўлаб берилиши ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратилиши, ижтимоий уй-жойларга жойлаштирилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг олдини олиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги ПФ-6186-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган «Халқпарвар» комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Мазкур Низом асосида уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жойлар билан таъминлаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан амалга оширилади.

Комиссия фаолияти, шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.  Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.

Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш комиссиясининг

намунавий таркиби қуйидагича бўлади:

1.Лавозимига кўра           — туман (шаҳар) ҳокими, комиссия раиси

2.Лавозимига кўра           —туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, комиссия раиси ўринбосари

3.Лавозимига кўра           —туман (шаҳар) молия бўлими бошлиғи

4.Лавозимига кўра           —туман (шаҳар) иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи

5.Лавозимига кўра           —туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи

6.Лавозимига кўра—      туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш маркази директори

7.Лавозимига кўра           —           туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, комиссия котиби

Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, Комиссия таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.

Зарур ҳолларда Комиссия таркибига тижорат банкининг туман (шаҳар) филиали ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари ҳам жалб қилиниши мумкин.

🔘 Ижтимоий уй-жойдан фойдаланганлик учун ижара ҳақи уй-жой умумий майдонидан келиб чиқиб унинг 1 квадрат метри учун:

  • Тошкент шаҳрида 1 йилга БҲМнинг 2 фоизи;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 1 фоизи миқдорида белгиланади.

❕Ижара шартномасида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан ҳар ойда бир маротаба мониторинг олиб борилади.

 

К.  Аманов,

Избоскан тумани адлия бўлими бошлиғи.

М. Мавлонов,

Избоскан туман юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.

 

Улашинг: