Нажмите "Enter" для пропуска содержимого

Кафил бўлишга шошилманг!!!

Охирги йилларда кредит бозорининг эркинлашуви жисмоний шахслар учун ҳам ўз фаолиятини молиялаштиришнинг кенг имкониятларини яратди. Одамлар автомобиль, уй-жой ёки шунчаки истеъмол учун кредит олишга киришди. Бу албатта уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволларини яхшиламоқда, эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, бу кредитга оид фуқаролик низолари кўпайишига олиб келмоқда ва суд амалиётида ҳам ўз аксини топмоқда. Фуқаролик одил судлови фаолиятининг 2021 йил якунлари таҳлили шуни кўрсатадики, ўтган йилда кредитга оид фуқаролик ишлари 139 000 тани ташкил этган ва бу 2020 йилдагига нисбатан қарийб 4 баравар кўпроқ (35 832 та фуқаролик иши). Шундай қилиб, бугунги кунда кредит ундириш билан боғлиқ низолар энг кўп кўрилган фуқаролик иш турига айланиб улгурган

Кредит доим мақсадли ва ҳақ эвазига бўлади, кўпчилик ҳолатларда у аниқ бир таъминот чораси билан мустаҳкамланиши талаб этилади. Масалан, мол-мулк гарови ёки кафиллик каби таъминот усуллари кенг қўлланилади. Унча катта бўлмаган кредитлар олишда кафиллик кредит мажбуриятлари бажарилиши учун асосий таъминот шакли бўлиб қолмоқда. Одатда кафил бўлиш учун етарли иш ҳақига эга бўлиш, вояга етган ва муомалага лаёқатли бўлиш талаб қилинади.

Аҳамиятли жиҳати, кредитларни вақтида тўламаслик ҳолатларида қарзни тўлаш мажбурияти қарздорнинггина эмас, балки кафиллар зиммасига ҳам тушмоқда. Ёки қарздорнинг кредит олиши учун гаровга мол-мулкини қўйиб берган бошқа шахслар мол-мулкидан ажраб қолмоқда. Кўпчилик кафиллар судда кафилликнинг мазмунини тушунмаганини, кафиллик бу шунчаки расмиятчилик, шартномага имзо қўйиб бериш етарли деб ўйлаганини, кредит бўйича қарзни тўлаши лозимлигини тасаввур қилмаганини билдиради. Шунингдек, улар қарздор ўз қарзини вақтида тўлайди, деб ишонишганини ҳам эътироф этади. Агар сиздан ҳам таниш-билишлар, қариндош-уруғлар кредит учун кафил бўлишни сўрасалар, бундай кафил бўлишга шошилмаганингиз маъқул.

Кафилнинг мажбуриятлари

Гарчи кафил қарздор томонидан олинган кредит пул маблағларига ҳеч қандай ҳуқуқи бўлмаса ҳам, банк олдида ушбу кредит учун қарздор билан тенг жавобгар бўлади. Масалан, агар қарздор кредит тўловларини ўз вақтида тўлай олмаса, кафил кредит бўйича барча қарзни (кредит суммаси, фоизлар ва ҳк.) тўлаши керак бўлади.

Кафилликнинг асосий функцияси эҳтимолий йўқотишлар рўй берганда кредиторнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қоплаш воситаси бўлиб хизмат қилади. Фуқаролик кодекси (ФК) 292-моддаси биринчи қисмида кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс (қарздор) ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олиши белгиланган. Шунингдек, ФКнинг 293-моддаси иккинчи қисмида, башарти кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, деб қайд қилинган.

Фото: Халқ сўзи

Банк кафилдан қарзни қачон ва қандай ундира олади?

Кўпчилик ўйлайдики, банк аввал қарздордан кредит қарздорлигини талаб қилади, у тўлай олмасагина кафилдан талаб қилади. Лекин доим ҳам ундай эмас. Кафилликда кафилнинг жавобгарлиги субсидиар ёки солидар тарзда белгиланиши мумкин (шартномада белгиланади). Яъни, субсидиар жавобгарлик белгиланганда банк аввал қарздордан қарзни ундириш чораларини кўриши, имкони бўлмагандагина кафилдан қарзни тўлашни талаб қилиши мумкин. Солидар жавобгарлик белгилан тақдирда (бу энг кўп қўлланиладиган ҳолат) банк бирданига қарздор ва кафилдан қарзни тўлашни талаб қилади (суд тартибида). Кўриниб турганидек банклар ўзи учун қулай шаклни танлайди, деярли доим кафилга солидар жавобгарлик белгиловчи шартларни белгилайди. Яъни, қарздор вақтида қарзини тўламаса, банк кафилдан ҳам қарзни тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам кафил бутун мол-мулки билан кредит қарзи бўйича тўлиқ жавобгар бўлади.

Кўпчилик ҳолатларда банклар қулайроқ ундириш механизмини қўллашади, кафилнинг банк картаси (ҳисоб рақами)дан кредит қарзини дарҳол ундириб олишга келишиб олишади. Бунда кредит тўлови вақтида қарздор қарзини тўлмаган бўлса, тўғридан-тўғри кафилнинг ҳисоб-рақамидан қарз ечиб олинади.

Кафилликдан воз кечса бўладими?

Кўпчилик ўйлайдики, кредитга кафиллик шартномасини тузгач, кейинроқ ундан воз кечиш мумкин ва осон. Лекин аслида бундай эмас. Кафиллик қарздор мажбуриятлари бўйича кафилда ҳам мажбурият вужудга келтиради. Қонунчиликка кўра шартномани бир томонлама бекор қилиш, яъни кафилликдан бир томонлама воз кечишга йўл қўйилмайди. Масалан, кафил шартнома тузганидан кейин ишидан айрилса, касал бўлиб қолса, қарздор (кредит олган таниши) билан жанжаллашиб қолса ҳам кафиллик ўз кучида қолаверади. Кафиллик шартномасини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун банк билан келишиш керак бўлади, банк эса ҳеч қачон ўз таъминоти зарарига ҳаракат қилмайди. Кафиллик қачонки кредит қарзи тўлиқ тўланганда, қарз мажбурияти бошқа шахсга ўтказилганда ёки кафиллик муддати ўтиб бўлгандан кейин тугайди. Яна бир йўли кафилни алмаштиришни сўраб банкка мурожаат қилиш, агар томонлар келишса кафилни бошқа шундай шахсга алмаштириш мумкин.

Кафил бўлиб қарздорнинг қарзини тўладим, бу йўқотишни қоплай оламанми?

Албатта, банкдан кредит қарздорлиги кафилдан ундирилса, айни тўланган суммани қарздорнинг ўзидан талаб қилиш мумкин бўлади. Масалан, сиз дўстингизнинг кредитига кафил бўлдингиз, банк қарзни сизнинг ҳисоб-рақамингиздан ечиб олди ёки суд тартибида сиздан кредит қарзини ундириб олди (қарздор тўлай олмагани учун). Энди сиз ўзингиз тўлаган пулларни қарздордан талаб қилишингиз мумкин бўлади.

Ахроридин Баходирович Масардинов,

Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди раиси.

 

Улашинг: