Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ТИББИЁТЧИЛАРНИНГ МАОШИ ОРТАДИ

Президент томонидан 17.05.2022 йилдаги “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

Белгиланишича, 2022 йил 1 июндан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари:

  • олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 15%га;
  • иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 10%га;
  • тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун – 15%га оширилади.

Бунда, тиббиёт муассасаси ходимларининг тариф ставкаларини ҳисоблаш амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициентларини тегишинча 1,15 ва 1,1 баробарга кўпайтириш орқали амалга оширилади.

2022 йил 1 июндан бошлаб Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасини шакллантириш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдори тиббиёт муассасаси учун ажратиладиган бюджет маблағларининг умумий ҳажмига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

  • бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати, болалар тиббиёт муассасалари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ижтимоий касалликларга (сил, буйрак етишмовчилиги, онкологик, руҳий, наркологик, эндокрин, мохов (лепра), юқумли, жинсий йўл билан юқтириладиган, ОИТС) ихтисослашган тиббиёт муассасаларида – умумий харажатларнинг 10%и;
  • республика ва вилоят даражасидаги бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларида – умумий харажатларнинг 5%и.

Жамғарма маблағларининг 75%и гуруҳидан қатъи назар барча давлат тиббиёт муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришга, 25%и – тиббиёт муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, модернизация қилиш ҳамда таъмирлашга йўналтирилади.

Бунда:

  • ходимларни моддий рағбатлантиришга ажратилган маблағлар ҳисобидан давлат тиббиёт муассасасининг юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларига ойлик лавозим маошининг 100%игача ҳамда бошқа ходимларга 75%игача ойлик устамалар;
  • янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 млн сўмгача махсус ойлик устамалар;
  • оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00 гача узайтириш ҳисобига иккинчи сменада ишловчи шифокор ҳамда ҳамшираларга лавозим маошининг 30%игача ойлик қўшимча устамалар тўлаб берилади.

Бундан ташқари, тиббиёт муассасаларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатга мувофиқ юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокор-хирурглар лавозим маошининг 25%и миқдорида қўшимча устама жорий этилди.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб даволаш-профилактика муассасаларининг ходимларига уларнинг тиббиёт соҳасида ва меҳнат фаолиятида илмни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини инобатга олган ҳолда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси учун лавозим маошининг 60%игача ва фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун лавозим маошининг 30%игача миқдорда ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.

Белгиланишича, барча тиббиёт ходимлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан бепул ўтказилади.

 

С.Матмусаев

“Мадад”Андижон шаҳар

ҳуқуқий маслаҳат бюроси

бош мутахассиси

Улашинг: