Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Суд-тергов жараёнида жамоатчилик иштирокининг моҳияти

  1. Суд-тергов жараёнида жамоатчилик иштирокининг моҳияти Ўзбекистон жамияти ривожланишининг ҳозирги замон босқичида инсон, унинг қадр- қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида тан олинган. Инсон ҳуқуқлари, унинг устуворлиги жамиятда яшаш қоидаларига риоя этишда фуқаролар ўртасида хайрихоҳ муносабатлар йўлга қўйилишини, вояга етиб келаётган авлодни тарбиялашда ғамхўрларча муносабатда бўлишни, аҳоли саломатлигини таъминловчи шарт-шароитлар яратиб беришни заруратга айлантиради. Бу эса, ўз навбатида, фуқаролар томонидан жамиятдаги хулқ-атвор, хавфсизлик қоидаларига ва аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилган қоидаларга риоя этилишини тақозо қилади. Дарҳақиқат, ўз истиқлол ва тараққиёт йўлига эга бўлган юртимизда инсон ҳуқуқларини кафолатловчи кўплаб меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалда ўз ижросини топмоқда. Шу билан бир қаторда, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳам асосий мақсади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларни мустаҳкамлашга қаратилгандир. Ушбу соҳани ривожлантириш, одиллик, инсонпарварлик, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 6-моддасида келтириб ўтилган демократизм принципининг ижросини таъминлаш мақсадида ҳозирги кунда суд-тергов жараёнида жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари жиноят йўлига кирган шахсларни ахлоқан тарбиялаш уларни кейинги хаётларини ижобий тарафга ўзгартиришга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида қонунда белгиланган тартибда жалб қилинишлари мумкин.  Фуқаролар эркинликларини таъминлаш сохаси бўйича Президентимиз томонидан кўплаб қарорлар қабул қилинмоқда. Хусусан 2020 йил 18 августда қабул қилинган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6041 сонли президент фармонида ушбу соҳада юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, уларга йўл қўймаслик бўйича бир қатор вазифа ва шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича қоидалар белгиланган. Шунингдек ушбу қонунда яна қуйидагилар белгиланган: “Жиноятларни тергов қилиш жараёнига замонавий ахборот-комуникация техналогияларини кенг жорий етиш, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг моддий техник базасини янада мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини ошириш.” Президентимиз таъкидлаганидек, «Мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичидаги энг муҳим йўналишларидан бири бу-қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборатдир». Шу ўринда айтиш мумкинки, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ўз навбатида, жиноят қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштиришга қаратилган бир қанча вазифаларни амалга оширишни ҳам тақозо этади. Бу вазифалар қаторига жиноят қонунчилигида белгиланган жиноятларни тергов қилиш жараёнида жамоатчиликнинг иштирокини таминлаш ва унинг ўзига хос хусусиятларини такомиллаштириш ҳам киради.

    Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 21-моддасида ҳам айни шу масалада сўз юритилади “Жиноят иши бўйича тергов олиб бориш ва ишни судда кўриш чоғида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят содир этилган ҳолатларни аниқлаб олиш, айбдорларни қидириш ва фош этиш, адолатли ҳукм чиқариш, шунингдек жиноятнинг содир этилиш сабаблари ва унга имкон берган шароитларни аниқлаш учун ўз ваколатлари доирасида жамоатчилик ёрдамидан фойдаланишга ҳақлидир.
    Жамоат бирлашмалари ва жамоаларнинг вакиллари жиноят ишини юритишда жамоат айбловчилари ҳамда жамоат ҳимоячилари тариқасида қатнашишга ҳақлидир” жиноятларни тергов қилишда жамоатчилик иштирок этиши жиноят процесси талабини бажариш, фуқаролар эркинликларини таъминлаш билан бир қаторда исбот қилиш жараёнида ишни қонуний, асосланган ва адолатли ҳал қилиш учун муҳим ташкилий омил ҳисобланади.
    Шу билан бирга жамиятимизда жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши кураш мақсадида холисона, ҳар томонлама дастлабки тергов олиб бориш ва унда жамоат бирлашмаларининг иштирок этиш масаласи долзарб муаммолардан биридир.

Чунки, айрим тергов ва суриштирув органлари ходимлари етарли даражада бошка ижтимоий сохалар билан хамкорликни амалга ошира олмайди. Жамолатчилик иштирок этиши бу масаланинг ижобий ҳал этилишида муҳим аҳамиятга эга.
Дарҳақиқат, жиноятчиликка қарши курашиш қандай даражада ва қайси усуллар билан амалга оширилиши жамият ҳаётида ижтимоий барқарорликни таъминлашга бевосита таъсир этади.
Мамлакатимизда жадал суръатлар билан олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жиноят-процессуал қонунчиликнинг либераллашуви ҳамда жиноий-ижтимоий муносабатларда демократик институтларнинг барқарорлашувига олиб келмоқда.

Хусанова Нозима Ҳусниддин қизи,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси 219-гуруҳ курсанти.

Улашинг: