Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Сувни кўрмай этик ечманг…

“Оқ олтин” МФЙ фуқаролари шу мақолга амал қилмай энди аттанг қилишмоқда

“Пахтакор” қабулхонасига “Оқ олтин” маҳалласида яшовчи Собитжон Қодировдан шу йил 29 май куни қўнғироқ қилинди. Мазмуни қуйидагича: “Бундан беш йил аввал маҳалламиз кўчалари асфальт қилиш дас­турига кирди, дейилганди. Шундан буён бу гап рўёга айланди. Асфальт қилинмади. Қачон асфальт қилинади. Ёки дастурга киритилмаганмиди?
Мурожаатга аниқлик киритиш учун маҳаллада бўлдик. У ерда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар билан суҳбатлашдик. Қуйида суҳбат мазмунини келтирамиз.
МФЙ ҳудудидаги учта кўчадаги ҳар бир хонадондан 15 минг сўмдан (ўша вақтдаги 1 кило гўштнинг баҳоси миқдорида) маҳалла кўчаси дастурга киритилибди, асфальт қилинаркан, деб нақд пул йиғилганди. Шу давргача ҳам асфальт қилингани йўқ. Бу ҳақда туман ҳокимлигига, қолаверса “Халқ қабулхонаси”га ҳам мурожаат қилинди. Дастурга киритилса кейин асфальт қилинади, дейишяпти…”
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси котиби Дилафрўзхон Эгамованинг фикрини олдик.
—Ҳақиқатан кўчаларни асфальт қилиниши дастурга киритилди, деб туман йўл қурилиш унитар корхонасида ишловчи фуқаро Ҳабибилло акага йиғилган пул берилганди. Кейинчалик Ҳабибилло ака маҳалла кўчаларини асфальт қилиш дастурга киритилмабди, деб пулни МФЙга қайтариб берган. Унгача орадан бир мунча вақт ўтиб кетди. Фуқароларга пулларингни қайтариб олинг­лар, десак уларнинг кўплари олишмаяпти, биз асфальт қилиш учун пул берганмиз, асфальт қилдириб берасизлар, деб шарт қўйишяпти…
Халқимизда “Сувни кўрмай этик ечманг” деган доно нақл бор. Кўпинча “деди-деди”, “бўларкан-қиларкан” каби оғзаки гапларга ишониб панд еб қолиш ҳоллари ҳам йўқ эмас. Оғзаки буйруқларга, “деди-деди”ларга аввал тубдан аҳволни, имкониятни ўрганиб, таҳлил қилиб сўнгра ишга ёндошишгина инсонни доғда қолдирмайди.
Албатта ҳаммамиз ҳам ишлаймиз, ўйлаймиз, вазифани амалга ошириш учун елиб югурамиз. Мукаммалликнинг ўзи йўқдек. Дилафрўзхон Эгамованинг битта гапига қўшилдик. “Хатомиз шуки маҳалла фуқаролари асфальт қилиш учун берган пулларини МФЙда сақлаганмиз” деди. Аввало қандай дастурга киритилишидан қатъий назар пул йиғилмайди. Ҳомийлардан ёрдам олинади, холос.
Хуллас фикрлар кўп. Нима бўлганда ҳам хатони тузатишга кеч эмас. Маҳалла кўчаларини асфальт қилиш албатта керак. Бунинг учун аввало МФЙ мутасаддилари, сектор раҳбарлари муаммони биргаликда ўрганиб уни керакли ва муаммо ечимини топишга қодир идораларга қўйишлари талаб этилади. Хулоса шуки. йилдан йил, кундан кун обод, кўркам, барча имкониятлар бор, йўллари кенг, текис ва асфальт қилинган маҳаллалар қаторига “Оқ олтин” маҳалласи ҳам бир кун албатта қўшилади.

Йўлдош ИСОҚЖОНОВ,
“Пахтакор”нинг махсус мухбири

Улашинг: