Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Сайёр қабул: хоҳиш бор, имконият ҳам топиляпти…

Шу йил 29 июнь куни Пойтуғ маданият ва истироҳат боғида туман ҳокими С. Исмоилов, сектор бошлиқларининг сайёр қабули бўлиб ўтди.
Қабулда жами 96 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Шундан 56 нафар фуқарога тушунтиришлар берилди, 24 таси ижрода кўриб чиқиляпти, 16 таси эса ўрнида ижобий ҳал этилди.

Қабул бошланишидан аввал йиғилганларга туман ҳокими С. Исмоилов йилдан йилга фуқароларнинг хоҳиш-иродаларини тинг­лаш ва муаммолар ечимини топишга кенг эътибор берилаётгани ва бу бари халқни рози қилиш йўлида олиб борилаётган ишлар эканлиги ҳақида тушунча берди. “Ҳар бир муаммо ечимини топиши мумкин, бунинг учун имконият ва вақт ҳамда бироз сабр-тоқат, асосийси муаммо, ечим ва имкониятни таҳлил қила олишимиз керак”,— деди туман раҳбари.
Сайёр қабулдаги мурожаатлар мазмунига назар ташлар эканмиз, кўплаб фуқаролар уйларини таъмирлашга, уй-жой қуриш учун ёғоч материаллари, маиший техника олишда ёрдам сўрашган бўлса, кўп­лари “Ҳар бир оила — тадбиркор” йўналишида кредит олиш масалалари юзасидан бўлди. Жаҳонобод МФЙдан газ балони сўраган Со­йибжон Тўхтасинов, Ойбек МФЙдан даволанишга ордер сўраган Гуллола Зулунова, Анорзор МФЙдан даволанишга ордер сўраган Маърифжон Шариповларнинг мурожаатлари ижобий ҳал қилинди. Шунингдек, бола пули олишга ёрдам сўраган Барҳаёт МФЙдан Одинахон Собированинг мурожаати ҳам ижобий ҳал бўлди. Сектор раҳбарлари томонидан бир нечта кам таъминланган оилаларга маиший техникалар берилди.
Шу тариқа 16 нафар фуқаронинг мурожаати ечимини топган бўлса, 24 та мурожаат ўрганиляпти. Тушган мурожаатларнинг деярли 90 фоизи туманимиз миқёсида ҳал қилинса бўладиган. Бундай мурожаатлар ўзаро ёрдам, ҳашар йўли билан бажарилса, ҳомийлик,саховат орқали уддаласа бўладиган ишлардир, десак янглишмаймиз. Ота-боболаримизнинг бир-бирига оқибати билан уйлар қурилган, таъмирланган. Кам таъминланган, ночор оилалар моддий томондан қўллаб-қувватланган. Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг ғоят катта саъйи-ҳаракати, ташаббуси билан республикамизда кам таъминланган оилаларга замонавий уй-жойлар қуриб бериляпти. Туманимизнинг ўзида ўтган йили 4 та, бу йил 3 та маҳалла “Обод маҳалла” дастурига киритилди ва барча қулайликлар яратиб бериляпти. Маҳаллаларимиз энди ана шу анъаналарни мустаҳкамлаб, маҳалла фуқаролари ҳаммаси ака- ука, дўст ва қадрдон қўшнидек бўлиб қўлни қўлга берсалар янада нур устига нур бўлади.
Мурожаатларнинг бир қисми билиб, кўриб туриб ҳал қилинаётган муаммоларимиздан. Масалан, Янгиобод МФЙнинг Дашт участкасида ўтган йили бошланган ободончилик ва инфратузилма ишлари ҳамон ўз холига ташлаб қўйилган. МФЙ раиси қўлида 2018-2019 йилларда МФЙнинг кўчаларни шағаллаш ва ичимлик суви ўтказиш, бетон столбалар ўрнатиш ишлари маҳаллий дастурга киритилганлиги ҳақида туман ҳокимлигидан берилган меъёрий ҳужжат турибди. Сайёр қабул куни туман МТМ муассасалари бўш иш ўринлари бў­йича меҳнат ярмаркасини ўтказишди. Кузатишларимиз шуни кўрсатдики, деярли 90 фоиз МТМ да “Дефектолог” мутахассиси етишмас экан. Президентимиз энди халқни рози қилиш борасида муаммолар ечимини “Маҳалла-сектор-халқ қабулхонаси” тизими билан ҳал этиши вазифасини йўлга қўйди. Ана шу тизим яхши ишласа туман, вилоят, республика миқёсидаги барча муаммолар аввало туманнинг ўзида имконият топилиб, ечилади, албатта.

Й. ИСОҚЖОНОВ

Улашинг: